
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муомалалари
Сийрат – Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганадиган илмдир. У киши барча мусулмонлар учун ҳаётий намуна сифатида юборилган. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Албатта, сизлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бор…» (Аҳзоб, 21)
Расулуллоҳ ﷺнинг ибодатлари, ахлоқлари ва одамлар билан бўлган муомалалари инсоният учун энг гўзал намуна ҳисобланади. Шунинг учун сийратни ўрганишда айниқса «муомала» мавзуси муҳим аҳамиятга эга.
Пайғамбаримиз ﷺ одамлар билан алоқада қуйидаги асосий принципларни амалга оширганлар:
1. Адолат ва ростгўйлик
– Ҳеч қачон ёлғон сўзламас, одамлар орасида адолатни устувор қўярдилар.
– Ҳатто душманлари ҳам у зотни «ас-Содиқ» (ростгўй) ва «ал-Амин» (ишончли) деб атаганлар.
2. Меҳр-шафқат ва юмшоқлик
– Қуръонда ҳам у зотнинг юмшоқ табиати таърифланади: «Агар сен дағал ва қаттиққўл бўлганингда эди, улар сендан узоқлашиб кетар эдилар» (Оли Имрон, 159).
– Болаларга меҳрibon, кекса ва беморларга эътиборли эдилар.
3. Ҳурмат ва инсоф
– Ким билан гаплашмасин, суҳбатдошига тўлиқ эътибор бериб, юзини тўлиқ қаратар эдилар.
– Ҳар кимнинг ҳуқуқини муҳофаза қилар, ҳатто ғайримусулмонлар билан ҳам инсоф ва адолатда бўлганлар.
Расулуллоҳ ﷺнинг аҳли оиласи билан бўлган муносабатлари гўзал бир намуна эди: Уй ишларида ёрдам берар, кийимини тикар, ҳайвонларни боқар эдилар.
Ҳазрати Ойиша (р.а.) ривоят қилади: «У киши оиласи хизматларида банд бўлар эдилар, намоз вақти келса чиқиб кетар эдилар» (Имом Бухорий). Хотинлари билан мулойим, ҳазиломуз ва меҳрибон бўлиб, ҳеч қачон уришиб-талашмас эдилар.
Саҳобалар ва уммат билан муомалалари
Расулуллоҳ ﷺ саҳобаларини ўз фарзандларидек ардоқлар эдилар. Мажлисда ўтирганда ўзига хос мақом ажратмас, оддий инсон каби ўтириб, ҳар бир кишига салом бериб юзма-юз гаплашар эдилар. Ҳар бир кишининг саволига сабр билан жавоб берар, унга керакли йўл-йўриқ кўрсатар эдилар.
Савдо ва иқтисодий муомалалари
Савдо ишларида ҳам ростгўй ва ҳалол эдилар. Жаҳолият давридаёқ Мекка аҳли унинг ҳалол савдосидан мамнун бўлиб, «Амин» деб атаганлар.
Аллоҳнинг Расули ﷺ шундай деганлар: «Ростгўй ва ишончли тижоратчи қиёматда пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади» (Имом Термизий).
Душманлар билан муомалалари
Ҳатто душманлари билан ҳам инсоф ва ҳалолликдан чекинмаганлар.
Макка фатҳи куни ўнлаб йиллар мобайнида у зотга душманлик қилган қурайшликларга: «Бугун сизларга маломат йўқ. Борингиз, ҳаммangiz озодсизлар!» – деган эдилар.
Расулуллоҳ ﷺнинг муомалалари сийратнинг энг буюк дарсларидан биридир. У зот: оилада меҳрибон, сахобалар билан инсофли, савдода ҳалол, душманларига ҳам раҳмли, умматга устоз ва раҳбар сифатида намуна бўлдилар. Ҳар бир мусулмон у зотнинг муомалаларидан ибрат олиб, ўз ҳаётида татбиқ этса, жамиятда адолат, меҳр ва тинчлик қарор топади.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси