Яратилиш санаси 21.09.2025

САҲОБАЛАР ҲАҚИДА ЯХШИ ГАП АЙТИШ МУНОФИҚ ЭМАСЛИКНИНГ ДАЛИЛИДИР

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва тоҳира аёлларини ҳар қандай кирликдан поклаб, муқаддас зурриётларини ҳар қандай ифлосликдан поклаб, яхши гаплар айтса, нифоқдан холи бўлади.

Hифоқдан холи бўлиш уч тоифага нисбатан гўзал сўз ва мақтов айтиш билан бўлади:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига.

2. У зотнинг барча ахлоқий ва эътиқодий кирликдан пок бўлган жуфти ҳалолларига.

3. У зотнинг барча ахлоқий ва эътиқодий ифлосликлардан пок бўлган зурриётларига.

Кимдан мазкур тоифалар ҳақида нолойиқ сўз содир бўлса, у одам нифоқдан холи эмасдир.

Далил:

Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларнинг фазилатлари ҳақида Қуръон ва суннатда келган баъзи далиллар аввал зикр қилинди.

1. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги «Хаммо» номли сувли жойда бизга хутба қилароқ: «Аммо баъд: Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам бир башарман. Роббимнинг элчиси келса, жавоб беришимга оз қолди. Мен сизларга икки салмоқли нарсани тарк этувчиман. Биринчиси – Аллоҳнинг Китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг Китобини олинглар ва уни маҳкам ушланглар», дедилар ва Аллоҳнинг Китобига тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Сизларга Аҳли байтимни эслатаман», деб уч марта қайтардилар.

2. Бухорий қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

«Муҳаммадни аҳли байтида муҳофаза қилинглар», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Сизларга аҳли байтимни эслатаман» дейишларидан ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Муҳофаза қилинглар» деган гапларидан фаҳмлаш мумкинки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтларини Аллоҳнинг Китобига тенглаштирганлари йўқ. Балки одамларга уларни яхши кўришлари, улуғлашлари, ҳурмат қилишлари, таҳ­қирламасликлари кераклигини эслатиб қўйдилар.

Усманов Абдусамад

таълим муассасаси ўқитувчиси