Яратилиш санаси 18.10.2021

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг баъзи ахлоқлари-4 

Саъд ибн Ҳишом ибн Омирдан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва: «Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида хабар беринг», дедим. Бас, у киши: «Хулқлари Қуръон эди. Қуръон ўқимайсанми? Аллоҳ азза ва жалланинг «Албатта, сен улуғ хулқдасан!» деган оятини ўқимайсанми?» дедилар. «Мен тарки дунё қилишни истайман», дедим. «Ундоқ қилма! «Сизларга Расулуллоҳда яхши ўрнак бор эди»ни ўқимайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланганлар ва болалар орттирганлар», деди». Аҳмад ривоят қилган. 

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим орқали ахлоқий таълим берганидан намуналар билан танишиб чиқайлик. 

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (199-оят). 

Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл. Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда бу ҳақиқат кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. «Яхшиликка буюр». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. 

Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир. «Жоҳиллардан юз ўгир». Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. 

Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади. 

Қобилжон Ахунжанов