Қиёмда қўлни кўкси устига қўйиш
Дин иши ҳассос масала саналади.
Кейинги вақтларда диний масалаларга енгил қараш эътибориданми уларни мустақил ўрганиб, ҳаммани ташвишга солаётган, ихтилофга сабаб бўлаётган ҳолатлар киши дилини хира қилмоқда.
Ана шундай масалалардан, қиёмда қўлни кўкси устига қўйиш ва ҳаказолар.
Мана шу шахслар айтиб ўтганимиздек динни ҳадислардан ўрганиш кераклигини даъво қилиб, раҳмат ҳисобланган мазҳаблар ўртасидаги фуруъий масалаларни рўкач қилиб, ўзларини ҳам ўзгаларни ҳам аташтирмоқдалар.
Бугун биз ўрганмоқчи бўлган ҳукм намозда қўлни қўйиш масаласидир. Олдиндан айтиб қўяйлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада турли ривоятлар келган.. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган мужтаҳид олимлар эркакларга хушуга муносиб ҳолат киндик ости, аёлларга эмас сатри маьносида кўкрак усти дея хадислар келган
عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ أَنَّ عَلِيًّا رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مِنْ السُّنَّةِ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.
Абу Жуҳайфадан ривоят қилинади. Али розияллоҳу анҳу айтади: “Намозда киндик остига кафтни кафт устига қўйиш суннатдир”. Абу Довуд, Аҳмад ва Дорақутний ривоят қилган.
عَنْ أَبِي وَائِلٍ قَالَ: قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَخْذُ الأَكُفِّ عَلَى الأَكُفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Воил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Намозда кафтларни кафтлар устига, киндик остида ушлаб турилади”. Абу Довуд ривояти.
Аллома Саҳаранпурий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Базлул мажҳуд шарҳу сунани Аби Давуд» китобида шундай дейди: (Намозда қўл қўйиш масаласида тўрт мазҳаб) уч йўлга-мазҳабга чекланган. Биринчи мазҳаб: киндик ости, иккинчи мазҳаб кўкрак ости, киндик усти, учунчи мазҳаб ирсол-икки ёнга ташлаб туриш. Балки қўл боғлаш икки кўриниш: кўкрак ости ва киндик остига чекланади.
Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълолус сунан” китобида юқоридаги ҳадисларни келтириб, унга қуйидагича изоҳлайди: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни киндик остига қўяди, деган. Молик ва Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳлар икки қўлни кўкрак остига, киндик устига қўяди, деганлар. Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан уч хил ривоят бор. Уларнинг энг машҳури ҳанафий мазҳаби кабидир...”.
Энг қизиғи, эркаклар учун икки қўлни кўкрак устига қўйиш ҳақида Ибнул Қаййим ва Ибн Ҳазм раҳматуллоҳ алайҳлардан ривоятлар бор.
Ибнул Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ «Бадоиъул фавоид» китобида айтади: «Икки қўлини кўкси устига қўймоғи макруҳ бўлади».
Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни қўйиш ҳақида ҳадисларни ривоят қилиб, уларни кўкрак устига қўйишни зикр қилмаган.
Олимхон Исаков