Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг баъзи ахлоқлари-6
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (43-оят).
Бу оят тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар», деган (13 – оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир», деган (22-оят).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур», деган (34-оят).
Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар. Ҳеч қачон ёмонлик қилма. Ана ўшанда: «Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».
Бу жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган шахсгина катта муваффақиятларга эришади.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (134-оят).
Қобилжон Ахунжанов