Яратилиш санаси 20.12.2025

ҚИШ ФАСЛИ — МЎЪМИНИНГ БАҲОРИ

Ислом таълимотида вақт ва фасллар инсоннинг маънавий ҳаёти билан узвий боғлиқ ҳолда баҳоланади. Айниқса, қиш фасли уламолар томонидан мўъмин учун алоҳида имкониятлар мавсуми сифатида таърифланган. 

Машҳур иборага кўра: «الشتاء ربيع المؤمن»
“Қиш — мўъминнинг баҳоридир”.

Ушбу таъриф ташқи табиат билан эмас, балки ички маънавий ҳаёт билан боғлиқ ҳолда қўлланади.
Бу ибора маъно жиҳатидан саҳобалар ва салаф уламоларига бориб тақалади. Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) айтади: “Қиш фасли — мўъмин учун ғаниматдир: унинг кечалари узун — қиёму-л-лайлга қулай, кунлари қисқа — нафл рўзага енгил.”

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳам қиш фаслини “ибодат фасли” деб атаган.

Қиш фаслида кунлар қисқа бўлгани сабабли нафл рўзаларни тутиш осонлашади. Бу ҳолат мўъминнинг нафсини тарбия қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Рўза — қалқондир.” (Имом Бухорий ва Муслим)

Қиш фаслида ушбу “қалқон”ни қийинчиликсиз қўлга киритиш мумкин. Қиш тунларининг узунлиги таҳажжуд, тафаккур ва Қуръон тиловати учун қулай имконият яратади. Қуръонда шундай дейилади:
“Албатта, тунги ибодат қалбни мустаҳкамлайди ва тиловатни тўғри қилади.” (Музааммил сураси, 6-оят)

Бу жиҳатдан қиш фасли мўъминнинг қалбий баҳорига айланади. Қиш инсонни сабрга, қаноатга ва таҳаммулга ўргатади. Совуқ, чекланган шароит ва тананинг истаклари нафсни синар экан, мўъмин бу ҳолатни ибодатга айлантириш имкониятига эга бўлади.

Қиш фаслида инсон ташқи ҳаракатлардан кўра ички тафаккурга мойил бўлади. Бу эса:тафаккур, муҳосаба (ўз-ўзини ҳисобга олиш), тавба ва истиғфор учун қулай муҳит яратади.

Мўъмин учун баҳор — гуллар эмас, балки амаллар очиладиган фаслдир. Қиш фаслида эҳтиёжмандларга ёрдам бериш савоби янада улуғланади. Совуқда муҳтожларга кўмак бериш раҳм-шафқатни намоён қилади.

Пайғамбар ﷺ дедилар:  “Ким бир мўъминнинг қийинчилигини енгил қилса, Аллоҳ унинг қийинчилигини енгил қилади.” (Имом Муслим)

Қиш фасли — табиатда сокинлик ҳукм сурадиган, аммо мўъмин қалбида ибодат, сабр ва маънавий ўсиш гуллайдиган фаслдир. Шу боис уламолар уни “мўъмининг баҳори” деб атаганлар. Қиш — имонни мустаҳкамлаш, нафсни тарбиялаш ва Аллоҳга яқинлашиш учун бебаҳо имкониятдир.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси