ЖИҲОД ТУШУНЧАСИНИ УРУШ БИЛАН ЧЕКЛАШ ВА НАФС ЖИҲОДИНИ ИНКОР ҚИЛИШ ТЎҒРИМИ?
Жиҳод масаласи ислом илмларида энг нозик ва энг кўп нотўғри талқин қилинаётган мавзулардан бири ҳисобланади. Айрим радикал йўналишлар жиҳодни фақат қуролли уруш (қитол) билан чеклаб, шариатда собит бўлган бошқа жиҳод турларини инкор этадилар. Бундай ёндашув суннатни қисқартириш, матнларни узиб олиш ва усулий хатоларга олиб келади.
Жиҳод ва қитол тушунчаларини луғавий ва шаръий фарқ: «Жиҳод» сўзи луғатда бор куч-ғайратни сарфлаш маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса жиҳод — Аллоҳ таоло розилиги учун нафс, шайтон, зулм ва куфрга қарши курашни қамраб олувчи умумий тушунчадир.
Ўзлари доимо иқтибос келтирадиган Ибн Таймийя раҳима ҳуллоҳ шундай таърифлайди:
الجهاد اسم جامع لكل ما يحبه الله ويرضاه من الأعمال
“Жиҳод — Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча амалларни қамраб олган умумий номдир.” (Majmū‘ al-Fatāwā)
Демак, жиҳодни фақат урушга айлантириш илмий жиҳатдан нотўғри.
Ҳақиқий мужоҳид ҳақидаги даражаси ҳасан, саҳиҳ (Сунан ат-Тирмизий, Муснад Аҳмад) ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
الْمُجَاهِدُ مَنْ جَاهَدَ نَفْسَهُ فِي طَاعَةِ اللَّهِ
“Ҳақиқий мужоҳид — Аллоҳга итоат қилиш йўлида ўз нафсига қарши жиҳод қилган кишидир.”
Бу ҳадис нафс билан жиҳод қилиш жиҳод тушунчасининг ажралмас қисми эканини очиқ-ойдин исботлайди.
Ғазабни енгиш — нафс жиҳодининг намунасидир.
Бухорий ва Муслимнинг ривоятида Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
لَيْسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعَةِ، إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَمْلِكُ نَفْسَهُ عِنْدَ الْغَضَبِ
“Кучли одам курашда енгган эмас, балки ғазаб пайтида нафсини тийган кишидир.”
Агар нафсни тийиш жиҳод бўлмаганида, Расулуллоҳ ﷺ уни куч-қудрат мезони қилиб белгиламас эдилар.
«Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик» мазмунидаги ривоят санад жиҳатидан заиф экани муҳаддислар томонидан таъкидланган. Бироқ: ривоятнинг заифлиги — нафс жиҳодининг инкор қилиш дегани эмас, нафс билан жиҳод қилиш маъноси бошқа саҳиҳ ҳадислар билан мустақил равишда собит. Шу сабабли, «катта жиҳод» иборасини эҳтиёткорлик билан ишлатиш лозим, аммо уни баҳона қилиб нафс жиҳодини рад этиш илмий эмас.
Саҳиҳ ҳадис: аёллар учун урушсиз жиҳод Оиша онамиз розияллоҳо анҳодан қилинган ривоятда: Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
جِهَادُكُنَّ الْحَجُّ
“Сизларнинг жиҳодингиз — ҳаждир.”
Бу ҳадис аёллар учун жиҳод тушунчаси мавжуд эканини ва у фақат уруш билан чекланмаганини аниқ кўрсатади.
Агар жиҳод фақат уруш бўлса, уруш бўлмаган ҳаж қандай қилиб жиҳод деб аталди? Бу радикал қарашнинг мантиқий ва шаръий асосдан маҳрум эканини кўрсатади.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси