ТАҲОРАТНИ БУЗУВЧИЛАР
وينقضه خروج نجسٍ منه وقيءٌ ملأ فاه ولو مِرّةً أو علقًا أو طعامًا أو ماء، لا بلغمًا، أو دمًا غلب عليه البزاق
والسّبب: يُجمع متفرّقه ونوم مضطجعٍ ومتورّك وإغماءٌ وجنونٌ وسُكْرٌ وقهقهة مصل بالغ ومباشرةٌ فاحشةٌ لا خروج دودةٍ من جرحٍ، ومسّ ذكر، وامرأة
Икки йўлдан чиққан нарса ёки улардан бошқа жойдан нажас нарсанинг чиқиши, Оғизни тўлдирувчи, гарчи у сафро, қотган қон, озуқа ёки сув бўлса ҳам. Балғам ва тупукка ғолиб келмаган оғиздаги қон ҳам таҳоратни бузмайди. Бир неча марта қилинган қайтлар сабабига кўра жамланади. Ётиб ёки суяниб ухлаш. Хушидан кетиш. Жинни бўлиб қолиш. Маст бўлиш. Балоғатга етган кишининг тўлақонли намозда, гарчи салом бериш вақтида бўлса ҳам, қаҳқаҳа отиб кулиши. Кийимсиз ҳолатда эр ва аёлнинг жинсий аъзолари бир-бирига тегиниши. Лекин жароҳатдан қурт чиқиши, закарни ва аёл кишининг баданини ушлаш таҳоратни бузмайди
Изоҳ:
Икки йўлдан чиққан нарса ёки улардан бошқа жойдан нажас нарсанинг чиқиши. Икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарса қон, йиринг каби нажас бўлса ва покланадиган жойга оқса таҳоратни бузади. Икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарса онанинг сути каби пок нарса бўлса, таҳоратни синдирмайди. Агар у нажас бўлса-ю, пок жойга оқмаса, таҳорат бузилмайди;
Оғизни тўлдирувчи қайт. Уни тўхтатиб қолиш машаққат бўладиган қайт.
Балғам ва тупукка ғолиб келмаган оғиздаги қон ҳам таҳоратни бузмайди. Балғам бошдан бўладими ёки қориндан бўладими, фарқи йўқ у таҳоратни синдирмайди. Тупуги қизғиш бўлса, тупукка қон ғолиб келган бўлади. Тупуги сарғиш бўлса ғолиб келган бўлмайди. Демак, тупук қизғиш бўлса таҳорат бузилади. Сарғиш бўлса бузилмайди.
Бир неча марта қилинган қайтлар сабабига кўра жамланади. Бир киши бир неча марта оғизни тўлдирмаган ҳолатда қайт қилса, ана шу қайтлар йиғилганда оғизни тўлдирса ва улар бир сабаб туфайли (битта ғалаёнда) содир бўлган бўлса таҳоратни бузади. Бир неча ғалаёнда бўлиб, ҳар ғалаёндагилар жамланганда оғизни тўлдирмаса таҳорат бузилмайди.
Ётиб ёки суяниб ухлаш. Суяниб ухлашда суянган нарсаси олиб ташланганда йиқилиб тушадиган бўлса таҳорати бузилади.
Маст бўлиш. Юрганда гандираклайдиган даражада маст бўлса таҳорати бузилади.
Балоғатга етган кишининг тўлақонли намозда, гарчи салом бериш вақтида бўлса ҳам, қаҳқаҳа отиб кулиши. Қасддан ёки ихтиёрсиз кулиш орасида фарқ йўқ. Тўлақонли намоз деганда руку ва саждаси бор намозлар тушунилади. Жаноза намози бунга кирмайди. Қаҳқаҳа отиб кулиш – ёнидаги шериги эшитадиган даражада кулишдир.
Жароҳатдан қурт чиқиши, закарни ва аёл киши баданини ушлаш таҳоратни бузмайди. Жароҳатдаги қурт гўштдан пайдо бўлган бўлса таҳорат бузилмайди. Орқа йўлдан қурт чиқса таҳорат синади. Чунки бунда қурт таомдан пайдо бўлган. Закарни ушлаганда қўлнинг ички ёки ташқи тарафи билан ушласа ҳам таҳорат бузилмайди. Аёлни ушлашда шаҳват билан ёки шаҳватсиз ушлаш орасида фарқ йўқ.
Саминов Аъзамхон
Таълим муассасаси ўқитувчиси