Инсонларни уйларига кириш одоблари (1-қисм)
«Нур» сурасининг шу еригача жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган бузғун-чиликлар, зино, зинода айблаш, беайб одамлар ҳақида бузуқи миш-мишлар тар-қатиш хусусида, уларнинг жазоси, оқибати ҳақида сўз кетди. Эндиги оятларда эса, ўша бузғунчиликларнинг олдини олиш, уларнинг Ислом жамиятида юз бе-ришига йўл қўймаслик чоралари баён этилади.
"Эй, иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз." (нур сураси, 27)
Жоҳилият даври арабларида кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига, «Эрталабки салом!», «Кечки салом!», деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса ўта кетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди. Шунинг учун ҳам, Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир кимсанинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъиназар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.
«Эй, иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг.» Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасинииг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим.
Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир.
«Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз.»
Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳкор бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки, хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёгал киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.
Исломда бировнинг уйига рухсатсиз киришгина эмас, балки назар солиш ҳам, ҳатто, мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», деганлар.
Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас, Чунки, ичкарига кўз ташлаган одам уй эгасини, унинг аҳли-аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олган уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат, ўзини ҳимоя этиб тажовузкорнинг кўзини ўйиб олган одам хун тўламаслиги мумкин. Бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўз ҳам тажовузкор кимса кабидир.
Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солгандек бўлиши оддий гап эмас.
Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.
Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозимдир. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.
Ахунжанов Қобилжон
Таълим муассасаси ўқитувчиси