Яратилиш санаси 27.12.2025

Намоздаги фойдалар (2-қисм)

Аҳамият берадиган бўлсак, Қуръон оятларини ўқиш учун чуқур нафас олинади.Сўнг аста секин нафас чиқарилиб,тартил билан ўқилади.Бунда ўпкадан чиқаётган ҳаво-газлар аралашмаси томоқ-ҳалқум, танглай тузилмаларига урилиб, димланиб, овоз ёриқларидан ўтади ва овоз ҳосил бўлади. Ушбу димланиш натижасида чиқаётган газлар ўпкада нисбатан узоқроқ туриб қолади. Натижада қолдиқ карбонат ангидрид миқдори нисбатан кўпаяди. Ўпкадаги қолдиқ карбонат ангидрид миқдорининг нисбатан ошиши, қонда карбонат ангидрид миқдорини, қон орқали эса бутун тўқималардаги карбонат ангидрид миқдорини нисбатан ошишига олиб келади. Муҳими, бу ҳолат нафас олиш-чиқариш ритмига боғлиқ  равишда тинмай ошиб-камайиб туради. Ана шу эффект, яъни нафас олиш-чиқариш ритмига қараб тинмай жуда тез муддатга карбонат ангидрид миқдорини нисбатан кўпайиб-камайиб туриши организмдаги ҳамма ҳужайраларни юксак маромда ишлашини рағбатлантиради! Ҳужайрада моддалар алмашинуви шиддатли ўтади, кўплаб энергия айланади, ҳужайралар кўплаб сифатли маҳсулот ишлаб чиқарадилар. Ҳужайралар ишлаши натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар ва ишлаб ўз муддатини ўтаб бўлган ҳужайралар тезлик билан чиқарилиб юборилади. Уларни ўтириб қолишларига йўл қўйилмайди! Ана шундай қилиб 8-10 минут вақт давомида намоз ўқиш жараёнида организм 4-5 соат давомида тўплаган чиқиндилардан ва ортиқча энергиядан халос бўлади.  

Намоз ўқиш жараёнида бажариладиган ўзига хос нафас олиш ҳаракатларини натижасида диафрагма ҳаракати туфайли жигар, ошқозон ҳаракати ва улар туфайли талоқ, ошқозон ости бези, ичаклар нафас олиш ритмига молик ҳаракатлар содир этадилар. Булар натижасида ва намоз ўқиш билан боғлиқ бошқа жисмоний ҳаракатлар натижасида кўкрак ичи ва қорин бўшлиғи соҳасида босимлар ўзгариб туради, органлар катта ва кичик қон томирларини шу жумладан юракни ҳам босиб, вақти-вақти билан уларни “димлаб” қўйиб юбориб турадилар, натижада кўкрак ичи ва қорин бўшлиғида ва улар орқали бутун организмда суюқликлар айланиши, шу жумладан қон айланиши ва лимфа ҳаракати яхшиланади.Шунингдек овқат  ҳазм бўлиши яхшиланади.Ҳазм бўлмай қолган чиқиндиларни чиқиши яхшиланади, қабзиятни олди олинади.

Хошимов Нуриддин

Таълим муассасаси ўқитувчиси