Яратилиш санаси 17.01.2026

ҚУДУҚЛАР ҲУКМИ

وتنزح البئر بوقوع نجسٍ لا ببعرتي إبلٍ وغنمٍ وخرء حمّامٍ وعصفورٍ.

Қудуққа (кўп ёки оз миқдорда бавл, қон ва инсон тезаги каби) нажосат  тушса, қудуқнинг барча суви чиқариб юборилади. Туя ва қўйнинг бир-иккита тезаги, кабутар ва чумчуқнинг ахлати қудуққа тушса қудуқнинг суви чиқарилмайди.

Изоҳ: Туя ва қўйнинг тезаги бутун ёки уқаланган, ҳўл ёки қуруқ бўлиши орасида фарқ йўқ, лекин тезакларга қараган киши уларни кўп деб билмаса қудуқнинг суви чиқарилмайди.

وبول ما يؤكل لحمه نجسٌ.

Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг бавли нажасдир.

Изоҳ: Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг бавли енгил нажосат ҳисобланади. Агар у қудуққа тушса, икки шайхга кўра, қудуқнинг суви чиқариб юборилади.

لا ما لم يكن حدثًا.

Таҳоратни бузмайдиган нарса нажас эмас.

Изоҳ: Таҳоратни бузмайдиган оз миқдордаги қайт, тери орасидан чиқиб ўрнидан жилмаган  қон кабилар нажас ҳисобланмайди. Агар ана шу қонни пахтага шимдириб сувга улоқтирса сув нажас бўлмайди. 

ولا يشرب أصلًا.

(Гўшти ейиладиган ҳайвон бавли шифо ёки бошқа мақсад учун) асло ичилмайди.

وعشرون دلوًا وسطًا بموت نحو فأرةٍ.

Қудуқда сичқон (жуссаси)га ўхшаган жонзотлар ўлиб қолса, ундан  ўртача пақирда йигирма пақир сув чиқариб ташланади.

Изоҳ: Аввал ўлган жонзот чиқариб юборилади, кейин сув олиб ташланади. Бошқа пақирлар ўртача пақирга солиштирилади.

وأربعون بنحو حمامةٍ.

Кабутардек нарсаларда қирқ пақир сув чиқарилади.

وكلّه بنحو شاةٍ وانتفاخ حيوانٍ أو تفسّخه.

Қўйдек нарсаларда қудуқнинг барча суви чиқариб юборилади. Шунингдек қудуққа тушган ҳайвон (каттами ё кичикми ўлгач) шишиб ёки титилиб кетса ҳам қудуқнинг барча суви чиқариб ташланади. 

ومائتان لو لم يمكن نزحها.

Агар қудуқнинг барча суви чиқариб ташлашни имкони бўлмаса, икки юз пақир сув олиб ташланади.

Изоҳ: Саҳиҳ қавлга кўра, бу ҳолатда қудуқ илмини билган кишининг сўзи олиниб, у айтган миқдордаги сув чиқариб юборилади.

نجّسها منذ ثلاثٍ فأرةٌ منتفخةٌ جهل وقت وقوعها وإلّا منذ يومٍ وليلةٍ

Қудуқ нажосат тушган вақтидан бошлаб нажас ҳисобланади. Нажосат тушган вақти номаълум бўлса, сичқон (ва унга ўхшаш жонзот қудуққа тушиб ўлган ва) титилиб кетган бўлса, қудуқ  уч кеча-кундуз, агар титилиб ёки шишиб кетмаган бўлса, бир кеча-кундуз нажас бўлган деб эътибор қилинади.

Саминов Аъзамхон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси