Яратилиш санаси 27.01.2026

Рафъул ядайн

Рафъул ядайн — намозда такбири таҳримадан ташқари, рукуъга кетишда ва рукуъдан туришда қўл кўтаришдир. Бу масала фиқҳда ихтилофий бўлиб, ҳанафий мазҳабида қўл фақат намоз бошидагина кўтарилади.

Ҳанафий мазҳабининг асосий далили — Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаганда қўлларини кўтардилар, кейин эса бошқа вақтда қўл кўтармадилар.” Бу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ва доимий амали сифатида қабул қилинган.

Рафъул ядайнни далил қилувчилар Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни келтирадилар. Ҳанафий уламолари эса бу амал намознинг илк даврида бўлиб, кейинчалик тарк қилинган, деб жавоб берганлар.

Фиқҳ қоидасига кўра, охирги амал аввалгисини бекор қилади.

Шунингдек, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобалар рафъул ядайн қилмаганлар. Агар бу амал қатъий суннат бўлганида, барча саҳобалар уни доимий бажарган бўлар эди.

Хулоса қилиб айтганда, рафъул ядайн қилиш ҳам, қилмаслик ҳам жоиз. Бу масалада бир-бирини айблаш ёки бидъатчи деб чиқиш тўғри эмас. Ихтилоф — фиқҳда раҳматдир.

Олимхон Исақов,

Таълим муассасаси ўқитувчиси