МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ
Меҳмондорчилик инсон маънавиятини, маданиятини ва иймонини намоён қиладиган улуғ фазилатдир. У фақат дастурхон ёзиш билан чекланмайди, балки меҳмонга бўлган ихлос, ҳурмат ва самимиятни ўз ичига олади. Ўзбек халқи азалдан меҳмонни азиз тутган. Шунинг учун ҳам меҳмондорчилик миллий қадриятларимизнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Ислом таълимотида ҳам меҳмонни икром қилиш катта аҳамиятга эга. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис меҳмондорчилик иймон билан боғлиқ эканини кўрсатади.
Меҳмонни кутиб олишда очиқ чеҳра ва илиқ сўз муҳим ўрин тутади. Меҳмон келганда саломни чиройли қилиш, ҳол аҳвол сўраш, ўтириш учун қулай жой кўрсатиш, уни ўзини бегона ҳис қилдирмаслик лозим. Совуқ муомала меҳмон қалбини хира қилади, яхши муомала эса унга ҳузур бағишлайди.
Меҳмондорчиликнинг марказида дастурхон туради. Лекин асосийси кўп таом эмас, балки ихлосдир. Бор нарса билан сийлаш, исрофдан сақланиш, меҳмонга аввал таом тутиш, мажбурлаб едиришга уринмаслик одобдан ҳисобланади. Таом орқали ҳам инсоннинг тарбияси ва маданияти намоён бўлади.
Меҳмон билан суҳбат қилишда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Овозни паст тутиш, ортиқча баҳсга кирмаслик, ёмон мавзуларни очмаслик, меҳмонни сўздан тўхтатмаслик яхши одобдир. Чиройли суҳбат меҳмон қалбида илиқ таассурот қолдиради.
Меҳмондорчиликда фақат мезбон эмас, меҳмоннинг ҳам бурчлари бўлади. Меҳмон вақтни ҳурмат қилиши, ортиқча талаб қилмаслиги, мезбонни қийн аҳволга солмаслик, кетар чоғида дуо қилиб чиқиб кетиши лозим. Одобли меҳмон уйга барака олиб киради.
Меҳмондорчилик одамлар ўртасида меҳрни кучайтиради, қалбларни яқинлаштиради, жамиятда тотувликни мустаҳкамлайди. У оддий одат эмас, балки катта тарбиявий аҳамиятга эга мактабдир.
Хулоса қилиб айтганда, меҳмондорчилик миллатнинг юзи, инсоннинг зийнатидир. Унда ихлос, ҳурмат ва муҳаббат жамланган бўлади. Ҳар бир хонадонда меҳмонга қалбдан хизмат қилиш одатга айланса, уйларга барака, жамиятга осойишталик киради.
Хошимов Нуриддин
Таълим муассасаси ўқтитувчиси