Шаъбон ойи...
Ислом шариатида айрим ойлар бошқаларга нисбатан алоҳида фазилат ва аҳамиятга эга. Ана шундай муборак ойлардан бири — Шаъбон ойидир. Бу ой Ражаб ва Рамазон ўртасида жойлашган бўлиб, кўпчилик одамлар унинг фазилатидан ғофил қолади. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойда бошқа ойларига нисбатан жуда кўп нафл рўза тутганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўза билан ўтказганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганларичалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. У зот фақат озгина кунларинигина рўза тутмас эдилар, балки гўё бутун ойни тутар эдилар».
(Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа)
Бу ҳадисдан аниқ билинадики, Рамазондан кейин энг кўп рўза тутиладиган ой — Шаъбон ҳисобланади. Аммо шу билан бирга, Пайғамбаримиз ﷺ Рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўза билан ўтказмаганлар. Демак, Шаъбон рўзаси — нафл рўзанинг энг афзал кўринишларидан биридир.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойни кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим». (Имом Термизий, ҳасан санад билан)
Бу ривоят Шаъбон ойи Рамазонга руҳий ва амалий тайёргарлик ойи эканини очиқ кўрсатади. Пайғамбаримиз ﷺ Рамазонга киришдан олдин нафл рўза орқали нафсни тайёрлаганлар.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига:
«Бу ойнинг ўртасидан бирор кун рўза тутдингми?» дедилар. У киши: «Йўқ», деди. Шунда Пайғамбаримиз ﷺ: «Рамазондан кейин унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар. (Бухорий ва Муслим)
Бошқа ривоятларда бу савол «Шаъбон ойининг ўртасидан» деб келган. Уламолар ушбу ҳадисдан келиб чиқиб:
Шаъбон ойида ҳеч бўлмаса икки кун нафл рўза тутиш мустаҳаб, деган хулосага келганлар.
Нима учун Шаъбон ойида рўзага алоҳида аҳамият берилган?
Бу саволга жавобни Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда топамиз. Пайғамбаримиз ﷺ дедилар:
«Бу ой — одамлар ғофил бўлиб қоладиган ойдир. У Ражаб билан Рамазон орасида. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Мен амалларим кўтарилаётган пайтда рўзадор бўлишни яхши кўраман». (Имом Насаий)
Демак: Шаъбон ойида амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади, Шу сабабли бу ойда рўза тутиш — юксак маънавий ҳолат ҳисобланади.
Қолаверса Шаъбон ойи, Рамазон ойига тайёргарлик ойи ҳисобланади.
Шаъбон ойида кўп рўза тутиш, нафсни тарбиялайди, иродани мустаҳкамлайди ва Рамазон рўзасини осон ва мукаммал адо этишга ёрдам беради.
Демак шаъбон ойи, нафл рўза тутиладиган энг фазилатли ойларидан бири,амаллар Аллоҳ таолога кўтариладиган ой, Рамазонга тайёргарлик ойидир.
Шунинг учун имкони борича шаъбон ойида кўпроқ нафл рўза тутиш, ҳеч бўлмаса икки кун рўза билан бу ойни қадрлаш, Рамазонга руҳий ва амалий тайёр ҳолда кириш мўмин учун катта фазилатдир.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
Таълим муассасаси ўқитувчиси