Ақоидни илмини келиб чиқиши
Аллоҳ таъоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишдан олдин одамлар турли-туман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини ўзича баён қилар эди. Ким гапга устароқ бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Асосан, ақийдалар хурофий гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Шунингдек, катта динларнинг ақийдалари ҳам ақл бовар қилмайдиган афсоналар билан тўлиб тошган эди. Арабистон ярим оролида эса, асосан, ширк ақийдаси ҳукм сурарди. Одамлар ўзлари қўллари билан ясаб олган ҳайкал, буту санамларни худо деб эътиқод қилар эдилар. Уларда фришталар, жинлар ва яна бошқа нарсаларга ҳам ўзига хос бидъат-хурофотдан иборат ақийдалар мавжуд эди.
Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ворид бўлаётган оят ва ҳдислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бошқа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамм нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқар эди.
Қуръони Каримнинг ўзида насоро, яҳудий ва мушрикларнинг бузуқ ақийдаларини танқид қилиш ва уларнинг хатоларини баён қилиш борасида бир қанча ояти карималар нозил бўлди.
Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, ақийда масаласида баъзи бир шубҳали саволлар чиқарган хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу га ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.
Кечагина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитдаги одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўзининг услубида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.
Ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилвр. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.
Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлган эди. Чунки, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу нинг даврига келиб турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани тушунтириш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.
Шунинг учун ҳам, имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишни истайсизларми?!” – деган эдилар.
Маҳмудов Калимуллоҳ
Таълим муассасаси ўқитувчиси