Яратилиш санаси 16.02.2026

ҚУРЬОННИ ТИЛОВАТ ҚИЛИШ ФАЗИЛАТЛАРИ (1-қисм)

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради, ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар)ҳам беради. Албатта, У мағфиратли, ўта шукр қилувчидир (яъни, озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот беради)” (Фотир сураси, 29-30-оятлар)[1].

Қуръон тиловат қилган, намоз ўқиган саховатпеша инсонлар ҳечам касодга учрамайдиган тижоратдан умид қилсалар бўлади. Зеро, солиҳ амаллар савоби боқий қолади. Дунё матоҳлари эса ўткинчидир.

Ақлли мўмин банда охират диёрига харидор бўлади. Чунки қиёмат куни тижорати орқасидан мўмай даромад олишига сўзсиз ишонади. Қалбидаги мана шу мустаҳкам имон уни эзгу ишларга ундайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад,) шундай қилиб, (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек,) Ўз амримиз билан Сизга Руҳни ваҳий қилдик. Сиз илгари на Китобни, на имонни билардингиз. Лекин Биз (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиламиз. Албатта Сиз тўғри йўлга бошлайсиз”(Шўро сураси, 52-оят)[2].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, оятдаги “Руҳ”дан мурод – Қуръони карим.

Бу ерда Қуръоннинг Руҳ, дейилиши бежиз эмас. Чунки инсон танаси руҳ билан, қалби эса Қуръон билан тирик. Мўмин кишининг дили Қуръон ўқиш, Қуръон ёдлаш, кўрсатмаларига амал қилиш билан ҳаёт булоғидан сув ичади.

Қуръон ўқиш фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади[3])”.

Ҳадиси шариф мазмунига кўра, Аллоҳнинг топшириқларини етказувчи, банданинг ҳар бир ишини номаи аъмолига ёзиб борадиган итоатгўй фаришталар қандай улуғ мавқега эга бўлса, Қуръонни бурро-бурро ўқийдиган қорилар ҳам худди шундай мартабага эришади.

“Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”.

Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки баравар савобга эга бўлади: Қуръон ўқигани ҳамда машаққат чеккани учун ажр олади.

Беш қўл баравар эмас. Одамларнинг ташқи кўриниши, хулқ-атвори ҳар хил бўлганидек, қобилияти, зеҳни, ақл-идроки ҳам турличадир. Кимдир Қуръонни дона-дона қилиб ўқийди. Яна кимдир Қуръон ўқишга бироз қийналади, айрим ҳарфлар талаффузига тили келишмайди ёки ҳижжалаб ўқийди. Юқоридаги ҳадисда ана шундай инсонларга далда берилмоқда, кўнгиллари кўтарилмоқда. Зеро, уларнинг Қуръон ўқиш йўлида чеккан машаққатлари бесамар кетмайди. Ҳатто моҳир қоридан ҳам кўпроқ савоб олишлари мумкин. Ҳаммаси ихлосга боғлиқ. “Қуръон ўқийман”, деб ҳаракат қилган бандани Аллоҳ беҳисоб ажр-мукофотлар билан сийлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон бойликдир. Ундан кейин фақирлик йўқ, Ундан ўзга бойлик йўқ[4]”.

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.

[3] Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Бухорий. “Саҳиҳул бухорий”, 6 жуз. – Байрут.:Дору ибни касир – Ямома, 1987. 

[4] Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад Табароний. “Ал-муъжамул авсат”, 10 жуз. – Қоҳира.: Дорул ҳарамайн, 1415 ҳ.й. 

Ахунжанов Қобилжон

таълим муассасаси ўқитувчиси