ҚУРЬОННИ ТИЛОВАТ ҚИЛИШ ФАЗИЛАТЛАРИ (2-қисм)
Қуръон ўқиган мўминнинг қалби бойийди, илми зиёда бўлади, маънавияти юксалади, фикр доираси кенгаяди.
Бойлик деганда, мусулмон одам фақат дабдабали ҳаётни, ҳисобсиз мол-дунёни кўз олдига келтирмайди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир”, деганлар. Мана шу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкин, Қуръон ўқиган одамнинг кўзи тўқ бўлади. Қуръон ўқиган инсон дунёнинг ўткинчи матоҳлари ортидан ҳаллослаб югурмайди, турмуш ташвишлари деб ўзини ўтга-чўққа урмайди, хотиржам яшайди, қаноатли бўлади: борига шукр, йўғига сабр қилади. Ана ҳақиқий бойлик, ҳузур-ҳаловат қаерда!
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Қуръон ўқиса, нубувватга (яъни, пайғамбарлик даражасига) поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазабланган киши билан талашиб-тортишиши, нодон кимсага қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас[5]”.
Қуръон маъноларини дилига сингдирган мўмин киши секин-аста юксак мартабага кўтарилади. У энг гўзал одобларни Қуръондан ўрганади. Шундай экан, Қуръон ўқувчи инсон оғир-вазмин бўлиши керак. Мабодо бир жоҳил одам жанжал чиқарса, мўмин киши унга бас келаман, демасин. Зеро, қалбига Аллоҳнинг Каломи жо бўлган қори биров билан сан-манга бориши маъқул эмас.
Машҳур саҳоба Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил! Чунки барча ишларнинг боши тақводир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, яна насиҳат қилинг”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон тиловат қил. Зеро, бу сен учун ерда нур, осмонда захира бўлади”, деб марҳамат қилдилар[6]”.
Кунларнинг бирида Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом насиҳат қилишларини сўради. Пайғамбаримиз унга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Абу Зар Ғифорий Пайғамбаримиздан яна насиҳат сўраганди, у зот Қуръон ўқишни тавсия этдилар. Чунки Қуръон банда йўлини ёритади, қалбини чароғон этади. Қуръон қоронғи қабрда банда учун нур бўлади, гўрини нурга тўлдиради. Охиратда ҳаммаёқни зулмат қоплаган паллада Қуръон ҳақиқий мўмин банда учун нур бағишлайди, унинг фойдасига ҳужжат бўлади.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, савдогарлар жамоаси! Бозордан қайтиб келганда, ўнта оят ўқишга қодирмасмисизлар? (Агар шундай қилсангиз,) Аллоҳ ҳар бир оят учун битта ҳасана ёзади”, деб тужжорлар жамоасига мурожаат қилдилар[7].
Арабча “ҳасана” сўзи “эзгулик”, “ажр-савоб”, “садақа” маъноларини англатади. Маълумки, тижоратчилар кўпинча мол олди-бердиси, кирим-чиқимларни ҳисоблаш билан банд бўлади. Бироқ қалбида имони бор инсон тижоратчими, деҳқонми, косибми, ким бўлишидан қатъи назар, кундалик юмушларидан бўшаб, қўлига Қуръон олиб, ақалли бир-икки бет бўлса ҳам ўқийди. Мўмин киши тирикчилик деб Қуръон ўқишни ташлаб қўймайди. Дилидаги мустаҳкам имон Аллоҳнинг Каломини ўқишга ундайди.
Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деган. Бутун бошли давлат раҳбари айтяпти бу гапни. Биз-чи! Бизнинг бўш вақтимиз етарли. Баҳона излашдан фойда йўқ. Ҳаммаси ихлосга, бўш вақтдан унумли фойдаланишга боғлиқ. Ҳаракат қилган одам бир иложини топади. “Китоб ўқишга вақтим йўқ”, деб баҳона қидирган киши эса файз-баракадан, ажр-савобдан қуруқ қолади.
Қуръон муфассири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Ким Қуръон ўқиса, (кўп нарсани) билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга қайтарилмайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида айтилган: “Сўнг уни асфаласофилинга қайтардик. Фақат имон келтирган...” яъни, Қуръон ўқиганларгина[8](бундан саломат бўладилар)”.
Маълумки, ёш ўтганидан кейин одамнинг кўзи хиралашади, қулоғи яхши эшитмайди, бўғимлари заифлашади, белидан қувват кетади, хотираси сусаяди. Бироқ Қуръон ўқиганлар кексайган чоғларида ҳам эс-ҳушларини, куч-қувватларини йўқотишмас экан. Қизиқ, бунинг сабаби нимада?
Илмий тажрибаларда аниқланишича, Қуръон ўқиш, эшитиш мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, кексаликда юз берадиган паришонхотирлик, хотира сусайиши каби нохуш ҳолатлардан сақлайди.
Кўп касалликлар шайтоннинг зарари оқибатида юзага келади. Чунки шайтон ёмонлик ўчоғидир.
Тутқаноқ, сеҳрланиш, фалаж, баданга оқ тушиши, яра тошиши каби касалликлар тиббиёт тилида “Бактерия, микроб ёки вируслар таъсирида келиб чиқади”, дейилса ҳам, аслида уларни инсон жисмига шайтон олиб киради. Маълумки, Қуръон шайтони лаин зарарини даф этади.
Умр бўйи Қуръонга ошно бўлган қори боболар ҳаётига ибрат назари билан қарасак, бу гап қанчалик тўғрилигига амин бўламиз. Юз ёшни қоралай деб қолганларига қарамай, таналари бақувват, хотиралари яхши, кўзлари равшанлигини кўрамиз. Зеро Аллоҳ Қуръон ҳақларини адо этган бандасини соғлом тана, кучли хотира неъмати билан сийлайди. Қуръон ўқийдиган инсон икки дунёда ҳурмат эҳтиромга сазовор бўлади.
[5] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ.
[6] Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад Абу Ҳотим Тамимий Бастий. “Саҳиҳу ибни ҳиббон”, 18 жуз. – Байрут.:Муассасатур рисола, 1993.
[7] Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад Табароний. “Ал-муъжамул кабир”, 25 жуз. – АлМавсил.:Мактабул улуми вал ҳикам, 1983
[8] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Сунанул байҳақий ал-кубро”, 10 жуз. – Маккатул мукаррама.: Мактабу дорил боз, 1994.
Ахунжанов Қобилжон
таълим муассасаси ўқитувчиси