Яратилиш санаси 25.02.2026

РЎЗАГА ДОИР ҲУКМЛАР (2-қисм)

ومن رأى هلال رمضان أو الفطر وردّ قوله صام

Рамазон ойи ёки Фитр (Рамазон ойи тугаши) ҳилолини кўрган кишининг сўзи инкор қилинса ўзи рўза тутади.

Изоҳ: Бир киши Рамазон ойи ҳилолини кўрди. Қозига бориб Рамазон ойи кирганини айтди. Қози хабар беришда бир киши бўлгани учун уни инкор этди. Шунда ҳилолни кўрган киши рўза тутиши вожиб бўлади. Шунингдек Шаввол ойи ҳилолини  кўрса ва уни қози инкор этса ҳам шундай. Бу кунда ҳам эҳтиётини олиб у рўза тутиши вожиб бўлади.

فإن أفطر قضى فقط

Агар у рўза тутмаса фақатгина қазосини тутади.

Изоҳ: Унга фақат қазо лозим бўлади, каффорот эмас.

وقبل بعلّة خبر عدلٍ ولو قنًّا أو أنثى لرمضان

Осмон иллатли бўлган вақтда битта одил кишининг хабари Рамазон ойи кириши учун қабул қилинади, гарчи у қул ёки аёл бўлса ҳам.

Изоҳ: Осмон булутли ёки чанг бўлгани туфайли ҳилолни кўриш имкони бўлмаса битта одил, яъни фосиқ бўлмаган кишининг сўзи қабул қилинади.

وحرّين أو حرٍّ وحرّتين للفطر

(Осмон иллатли бўлган вақтда) фитр (Рамазон тугаши) учун эса икки озод(қул бўлмаган) эркак ёки бир озод эркак ва икки озод аёл кишининг сўзлари қабул қилинади.

وإلّا فجمعٌ عظيمٌ لهما

Агар осмонда иллат бўлмаса Рамазон ойи кириши ва чиқиши борасида катта жамоат хабар бериши лозим.

والأضحى كالفطر

Ийдул адҳо – қурбон ҳайитини белгилашфитр(Рамазон тугаши)ни белгилаш кабидир.

ولا عبرة باختلاف المطالع

Ойнинг чиқишдаги хилма-хиллигининг эътибори йўқ.

Изоҳ: Бир шаҳарда ой чиққани кўрилса, бошқа шаҳарда кўрилмасада, уларга ҳам рўза тутиш лозим бўлади. Баъзилар иккинчи шаҳарга, токи улар ўзлари ойни кўрмагунларича лозим бўлмаслигини айтганлар.

Саминов Азамхон

Таълим муассасаси ўқитувчиси