Яратилиш санаси 25.02.2026

РЎЗАНИ БУЗАДИГАН ВА БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР (1-қисм)

 

فإن أكل الصّائم أو شرب أو جامع ناسيًا أو احتلم أو أنزل بنظرٍ أو ادّهن أو احتجم أو اكتحل أو قبّل أو دخل حلقه غبارٌ أو ذبابٌ وهو ذاكرٌ لصومه أو أكل ما بين أسنانه أو قاء وعاد لم يفطر

Рўзадор киши унутган ҳолда еса ё ичса ё жинсий алоқа қилса ёки эҳтилом(тушда булғаниш) бўлса ёки назар қилиш сабабли маний чиқариб юборса ёки баданини ёғласа ёки ҳижома қилдирса ёки сурма қўйса ёки ўпса ёки рўзаси ёдида бўлган ҳолда ҳалқумига чанг ё пашша кириб кетса ёки тишлари орасидаги (оз миқдордаги нўхотдан кичик) нарсани еса ёки қайт қилса ва қилган қайти ўзи қайтиб кетса рўзаси бузилмайди.

وإن أعاده أو استقاء أو ابتلع حصاةً أو حديدًا قضى فقط

Келган қайтни (рўзадорнинг ўзи қасддан)қайтарса ёки (киши ўзини мажбурлаб) қайт қилдирса ёки тош ё темирни ютиб юборса (рўзаси бузилади ва) қазосини тутиб беради.

Изоҳ: Бу ҳолатда каффорот вожиб бўлмайди. Балки қазосини тутиб беради.

ومن جامع أو جومع أو أكل أو شرب عمدًا غذاءً أو دواءً قضى وكفّر ككفّارة الظّهار

Қасддан жинсий алоқа қилган ё қилинган ёки (қасддан) озуқа ёки дорини тановул қилган ё ичган киши (рўзаси бузилади ва ўша кунги рўзанинг) қазосини ўтайди ҳамда зиҳор каффороти каби каффорот тўлайди.

Изоҳ: Зиҳор каффоротида аввало қодир бўлса бир қул озод қилади. Унга қодир бўлмаса олтмиш кун кетма-кет рўза тутади. Бундан ожизлик қилса олтмишта мискинни таомлантиради. Рўзасини қасддан бузган кишининг ҳам каффороти шу тартибда бўлади.

ولا كفّارة بالإنزال فيما دون الفرج وبإفساد صومٍ غير رمضان

Фарждан бошқа ерда маний чиқариш ва Рамазон ойидан бошқа вақтда рўзани бузиш сабабли каффорот йўқ (фақатгина қазо бор).

Изоҳ: Олд ёки орқа фаржга закар кириши қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам қазо ва каффоротни вожиб қилади. Олд ёки орқа фарждан бошқа (икки сон ораси каби) жойга закарни ишқаш билан чиқарилган маний учун каффорот тўланмайди, балки қазо лозим бўлади.

Рамазон рўзаси қазосини ўтаётган киши рўзасини бузса унга каффорот вожиб бўлмайди.

Абдуллаев Азимжон 

Таълим муассасаси ўқитувчиси