Яратилиш санаси 16.03.2026

ҚОЛДИҚ (САРҚИТ)ЛАР ҲУКМИ

Изоҳ: Қолдиқ(сарқит) деганда инсон ёки ҳайвон тановул қилгандан сўнг ортиб қолган ёки сўлаги теккан нарсалар тушунилади. Бу фаслда асосан улардан ортиб қолган сувлар ҳукми ва ундай сувлар билан таҳорат қилиш ҳукми ҳақида баҳс қилинади. Шунинг учун қолдиқ(сарқит) сўзларини ортиб қолган сув деб тушуниш мумкин.

والعرق كالسّؤر.

(Танадан чиққан) тер (ҳукмда) қолдиқ (сарқит) кабидир.

وسؤر الآدميّ والفرس وما يؤكل لحمه طاهرٌ.

Одамзот, от ва гўшти ейиладиган ҳайвонлардан ортиб қолган сув покдир.

والكلب والخنزير وسباع البهائم نجسٌ.

Ит, чўчқа ва йиртқич ҳайвонлардан қолган сарқит нажасдир.

والهرّة والدّجاجة المخلاة وسباع الطّير وسواكن البيوت مكروهٌ.

Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич қуш ва уйларда яшайдиган жонзотларнинг қолдиғи макруҳ(танзиҳий)

Изоҳ: Ҳибс(катак)да турадиган товуқларнинг қолдиғи пок ҳисобланади. Уйларда яшайдиган жонзотларга илон, чаён ва калтакесак кабилар киради. Чунки бу жонзотлар уйларда кўп изғиб юриши сабабли улардан сақланиш қийин. Шунинг учун улардан қолган қолдиқ нажас эмас, макруҳ бўлади.

والحمار والبغل مشكوكٌ.

Эшак ва ҳачирнинг сарқити шубҳали.

Изоҳ: Эшак ва ҳачирнинг сарқити пок ёки нажас эканлигида шубҳа бор.

يتوضّأ به ويتيمّم إن فقد ماءً وأيًّا قدّم صحّ.

 (Эшак ва ҳачирдан) қолган сувдан бошқа сув бўлмаса у билан таҳорат олиб, ортидан таяммум қилади. (Таҳорат ёки таяммумдан) қайси бирини аввал қилса ҳам жоиз.

Изоҳ: Аввал таяммум қилиб, кейин таҳорат қилса ҳам ёки аксинча, таҳорат олиб сўнгра таяммум қилса ҳам дуруст бўлади.

بخلاف نبيذ التّمر.

Ҳурмонинг набизи(шарбати)да ундай қилмайди. 

Изоҳ: Узум, ҳурмо ва бошқа мевалар сувга ташлангач  меванинг таъсирида ширин таъмга айланган суюқлик набиз дейилади. Сув тополмаган кишида набиз бўлса у билан таҳорат қилмайди, балки фақатгина таяммум қилади холос.

Саминов Аъзамхон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси