Яратилиш санаси 13.05.2026

“Ким сукут сақласа, нажот топади”.

Исломнинг гўзал ахлоқларидан бири бу беҳуда-бекорчи сўзлардан тилни тийишдир. Буни ҳадиси шарифда Сарвари коинот Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар: Мусулмон киши оғзидан ортиқча бекорчи сўз чиқармасин. Динига фойдали гапларнигина гапириши, бирон фикр айтишдан аввал унинг оқибатини ўйлаши, фойда-зарарини мулоҳаза қилиши лозим. Агар бефойда бўлса, ундай сўздан ўзини тийиши, агарда фойдали бўлса ҳам мабодо шу сўзни айтса, ундан кўра фойдалироғи қолиб кетмасмикин, деб тафаккур қилиши ва у сўзни зое кетказмаслиги керак. Дилдаги нарсани тилнинг ҳаракатидан билиб олиш мумкин, чунки соҳиби хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, тил қалбдаги асрорлардан хабар беради. Яҳё ибн Маоз айтадилар: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнаб туради, тиллар эса, унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб тургин, чунки унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқади. Хуллас, дилнинг таъмини баён қилади”. Яъни, тил чўмичи билан қозондаги таом мазаси билингани каби, инсоннинг қалбидаги нарсани гапидан билиб олиш мумкин.

Ва яна бир ҳадисда айтилганидек: “Ким сукут сақласа, нажот топади”.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " من كفَّ لسانه ستر اللهُ عورته ومن ملك غضبه وقاه الله عذابه ومن اعتذر إلى الله قبَّل الله عذره

Ким тилини сақласа, Аллоҳ таоло айбларини беркитади. Ким ғазабини бошқара олса, Аллоҳ таоло азобидан сақлайди. Ким Аллоҳ таолодан кечирим сўраса, Аллоҳ таоло узрини қабул қилади

Суфёни саврий дейдилар: “Менга камоннинг ўқини отгани тили билан отгандан кўра яхшироқ. Чунки тилниннг хато қилмайди, аммо ўқни отса гоҳида хато кетади”.

Имом Нававий айтадилар: “Билгинки, вояга етган ҳар бир инсон барча сўзлардан тилини тийиши лозим, фақат фойдали гапларнигина айтиш керак. Мабодо бирон сўз фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайдигани маълум бўлса, ундай сўздан ўзини сақламоқлик суннатдир. Чунки бундай мубоҳ – ҳеч зарарсиз сўзлар ҳам гоҳо ҳаром ёки макруҳ ишларга сабабчи бўлиб қолади. Салафи солиҳлар ҳаттоки “Кун иссиқ ёки кун совуқ” каби сўзларни ҳам аввал мулоҳаза қилиб сўнгра айтар эдилар”.

Тилни тийиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бир неча ҳадислари бор:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ

Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман

أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ كَثُرَ كَلامُهُ كَثُرَ سَقَطُهُ ، وَمَنْ كَثُرَ سَقَطُهُ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ ، وَمَنْ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ كَانَتِ النَّارُ أَوْلَى بِهِ. مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ

Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди. Кимни гуноҳи кўпайса, дўзахга тушиши бор. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим ўтирсин”.

Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?”, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинди: “Ҳаким кишининг тили қалбининг орқасидадир. Агар гапирмоқчи бўлса, қалбига қарайди, мабодо у сўзда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмайди. Аммо нодоннинг қалби тилининг атрофида, у қалбига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади”.

Султонмаҳмудов Абдулмажид

таълим муассасаси ўқитувчиси