Яратилиш санаси 17.04.2026

Абу Мансур Мотуридий (1-қисм)

IX—X асрнинг мураккаб шароитида Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилиб, юксак мутакаллим ва мутафаккир, йирик фақиҳ ва атоқли олим даражасига кўтарилган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ўзига хос калом мактабига асос солиб, ҳанафий мазҳабининг байроғини баланд кўтарди ва унинг ғоявий пойдеворини мустаҳкамлаб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодини қатъийлик билан ҳимоя қилди, Мўътазила, Исмоилия, Қарматия ва Ботиния фирқалари томонидан тарқатилган ақидавий тушунчаларнинг асоссизлигини исботлаб берди.

Абу Мансур Мотуридий яратган калом мактаби ўзининг кўп қирралилиги, соҳаси кенглиги, илмийлиги, бидъатчиларга қарши муросасизлиги билан ажралиб туради. У шариат илмларидан ташқари ҳикмат, мантиқ ва бошқа фанларни ўзлаштирганлиги туфайли, катта илмий иқтидор ва маънавий салоҳият касб этиб, диний қарашлари фалсафий меъёрлар билан уйғунлашган эди.

Мўътазила Қуръон ва Суннани тан олган бўлсалар ҳам, ақлни билимнинг ягона воситаси сифатида қабул қилган эдилар.

Абу Мансур Мотуридий уларга нисбатан кенгроқ илмий дунёқараш ва тушунчаларга эга бўлганлиги сабабли, тушуниш ва маърифат қуйидаги уч йўлдан ҳосил бўлади деб ишонади:

1. Ҳис ёки сезги аъзолари орқали.

2. Нақл ва ривоят орқали.

3. Ақл ва идрок орқали.

Мазкур услубга биноан Мотуридий мазҳабида ҳар бир ақидавий масала истидлол ва мантиқий услуб асосида ёритилади. Мўътазилийлар ва Ботинийлар истидлолига қарши ҳам нақлий, ҳам ақлий далиллардан фойдаланади. У олиб борган курашнинг ўткир томони Мўътазилийлардан кейин уларнинг ақидавий асосларига таянган Исмоилий, Ботинийлар ва Қарматийларга қарши қаратилган эди.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси