Яратилиш санаси 15.04.2026

Мўъжизанинг луғавий ва истилоҳий маъноси (3-қисм)

Қуръоннинг мўъжизакорлиги борасида мўътазилийларнинг Басрадаги бошлиғи Восил ибн Атодан (ваф. 131 ҳ.й.) қуйидаги фикрни билдирганидан сўнг уламолар шу мавзу доирасида астойдил изланиш ва тадқиқотларни бошлаганлар:

“Қуръоннинг мўъжизакорлиги унинг зотидаги нарса эмас. Унинг мўъжизакорлиги аслида Аллоҳ таоло инсонларни унга қарши чиқиш борасидаги фикрларини буриб юборишидир”. 

Кейинги мўътазила катталари ҳам шу эътиқодда бўлганлар. Бу эътиқод кейинчалик “صرفة” (сорфаҳ) номи билан машҳур бўлган. 

Шундан сўнг уламолар Қуръони каримнинг мўъжизакорлигини ўз нутқлари ва китобларида мўътазилийларга раддия сифатида шарҳлаб, тушунтира бошладилар. Ушбу нотўғри эътиқодга биринчилардан раддия билдирган Жоҳиз (ваф. 255 ҳ.й.) бўлиб, у “Ал-Ҳаяван”, “Ал-баён ват-табйин”, “Назмул Қуръон” ва бошқа китоблар ёзган. Аммо унинг бу китоблари бизгача етиб келмаган.[6] 

 Ақлан ўйлаб қаралганда ҳам ҳар биримизга очиқ-ойдин маълумки, бир подшоҳ ёки ҳукумат бир кишини ўз томонидан бирор жойга юбормоқчи бўлса, қоида бўйича албатта унинг қўлига бошқалар ишонгудек қилиб тамғалар босиб, ҳужжат хатини бериб юборади. Улуғ қудрат эгаси Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларни инсонларга ҳужжат бўлиши учун уларнинг ҳар бирларига ҳар турли мўъжизалар берган. Агар бундай бўлмаган тақдирда элчи этиб юборилган пайғамбарлар ўз қавмлари томонидан: “Сенинг Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари эканингга ҳужжатинг борми?”, қабилидаги саволларига жавоб беришга қийналиб қолардилар. Пайғамбарларнинг мўъжизалари Аллоҳ таоло томонидан юборилган бир аломат бўлиб, уларнинг пайғамбарликларини тасдиқ қилишга ва Аллоҳга бандалик қилиш учун керак бўлган белгиларни ўз ичига олади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга олий мўъжиза сифатида ваҳий этилган Қуръони каримнинг таърифига яна бир оз тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўларди:

Буйруқ майлидаги “Иқроъ” – “ўқи”, “қироат қил” маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи "ўқимоқ" "қироат қилмоқ" маъносини англатувчи масдар – “Қуръон” бўлиб қолди.

Луғат илми мутахассислари “Қуръон” лафзининг “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ”дан бошқа “жамлаш” маъноси борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларининг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишора бордир.

Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик "Қуръон" лафзининг луғавий маносини билмаса ҳам, уни мусулмонларнинг муқаддас китоби эканини тан олиб келишмоқда.

[6] Доктор Мустафо Муслим. ”Мабаҳис фий иъжозил Қуръон”. “Дарул муслим” нашриёти. – Риёд: 1996. – Б. 

Қаюмов Софватуллоҳ

таълим муассасаси ўқитувчиси