Алоуддин Самарқандий
Ўрта Осиёда Ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий фиққ илмини Абул-Муин Маймун Макҳулий ва Садрул-ислом Абул-юср Баздавийдан ўрганиб, ўз даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига муҳим ҳисса қўшган. У ёзган «Туҳфатул-фуқаҳо» ("Фақихлар туҳфаси") номли китоб Ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унинг устидан шархлар ёзилган. У, ўз қизи Фотимани ёшлигиданоқ тарбиялаб, истеъдодли фақиҳ ва олим даражасига етказган эди. Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган.
Алоуддин Самарқандийнинг шогирди ва куёви, Қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ўз устозининг «Туҳфатул-фуқаҳо» китоби устидан «Бадоиъус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ» номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, ўз устозига тақдим этган. Ҳожи Халифа ривоятига кўра, унинг шарҳи устозга манзур бўлиб, ўзининг чиройли қизи Фотимани унга никоҳлаб берган. Ўшанда халқ ичида «Шараҳа туҳфатаҳу ва тазавважа ибнатаҳу», яъни "Туҳфа" китобини шарҳлаб қизини олди деган сўз юритилган[1].
Алоуддин Самарқандий фиққ илмидан ташқари калом илми бўйича ҳам Ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарқатувчиси бўлган. Ҳожи Халифа ёзишича, у имомнинг "Таъвилот" китобини саккиз жилдда жамлаган.
[1] Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Абдулҳаким Жўзжоний. Тошкент ислом университети, 2000.
Абдуллаев Азимжон
таълим муассасаси ўқитувчиси