Қуръони карим таърифи (2-қисм)
"Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган", деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилмаган "Забур", "Таврот" ва "Инжил"га ўхшаш ваҳийлари Қуръони карим эмаслиги келиб чиқади.
Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил китоблари ҳам Аллоҳ таолонинг каломи ҳисобланади, аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлмагани учун Қуръони карим дейилмайди.
"мутавотир йўл билан нақл қилинган", деган иборадан мутавотир йўл билан нақл қилинмаган калом Қуръони карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Мутавотир йўл билан нақл қилинган дегани эса, каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сонли кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммаси ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонда келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони каримнинг биринчи калимасидан бошлаб охирги калимасигача айнан ана шу тариқада нақл қилинган. Қуръони каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амини – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нақл қилган. Ушбу нақл қандай кечишини яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандай етказишини кўпчилик саҳобалар баъзан ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Менга котибларни чақиринглар", дердилар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундай қилиб ўқиб берганлар. Котиблик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса ана шундай эҳтимом ила ёд олганлар.
Қуръони каримни ҳар бир оятлари, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши, ҳамда амал қилинишига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишга амр этган.
Ўз навбатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръони карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ҳам шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тариқада ҳозиргача Қуръони карим сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келинган ва келинмоқда.
"Ибодатда ўқиладиган", деган қайддан намозда ўқиладиган маъно келиб чиқади.
Қуръони карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари мисол учун ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақат Қуръони карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий китобни ажратиб турувчи сифатларнинг биридир.[3]
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт 30-жуз. Шарқ нашриёти. Тошкент. 2007. –Тошкент: 30 жуз. –Б. 9.
Қаюмов Софватуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси