Таҳоратнинг суннатлари.
Тасмия айтмоқ ва икки қўлини бўғимларигача уч марта ювмоқ ила бошламоқ. Мисвок қилмоқ. Оғзини ва бурнини сув ила ювмоқ. Соқолини ва бармоқларини тахлил қилмоқ. Ювишни уч мартадан қилмоқ. Бошининг хаммасига бир марта ва икки кулоғига у(бош)нинг суви ила масх, тортмоқ. Тартибли қилмоқ. Кетма-кет қилмоқ.
1. Тасмия айтмоқ.
“Тасмия” сўзи “Бисмиллаҳ”ни айтишни англатади. Демак, таҳорат қилишни “Бисмиллаҳ”ни айтиб бошлаш суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундоқ қилганлар. Қолаверса, у зот алайҳиссалом ўзларининг бир қанча ҳадисларида бу ишни қилмоққа тарғиб этганлар. Жумладан:
عن ابي هريرة رضي الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: لا صلاة لمن لا وضوء له و لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله عليه رواه ابو داود والترمذى
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорати йўқнинг намози йўқ. «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», - дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилинган.
Уламоларимиз бу ҳадиси шарифдаги «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг “Таҳорати йўқ” дейилгани, “Таҳоратининг камоли йўқ”, дегани, дейдилар. Бу, араб тили қоидаларида, хусусан, ҳадиси шарифларда бор нарса.
Шунга биноан, «Бисмиллаҳ»ни айтмай Таҳорат қилган одамнинг Таҳорати комил бўлмайди, яъни, савоби тўлиқ бўлмайди.
Уламоларимиз, агар Таҳоратнинг аввалида “Бисмиллаҳ”ни айтишни унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади, дейдилар.
2.Икки қўлини русғларигача уч марта ювмоқ ила бошламок.
“Русғ” сўзи арабча бўлиб, билак билан кафтнинг қўшилиш бўғинидаги бир оз туртиб чиқиб турадиган суякка айтилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ҳам доимий равишда қилганлар ва бир қанча ҳадисларда уни қилишни таъкидлаганлар.
عن ابي هريرة رضي الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: اذا استيقظ احدكم من نومه فلا يدخل يده فى الاناء حتى يغسلها ثلاث مرات فان احدكم لا يدرى اين باتت يده او اين كانت تطوف يده. رواه الخمسة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортаннгиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки, бирортангиз ҳам қўли қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди», - дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда уйқудан туриб, таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин сув бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан олиб уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмокда.
Шу билан бирга, бу ишнинг нима ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этиляпти. Одам уйқусида қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, сувга биринчи бўлиб қўли уриладиган ва бошқа аъзоларини ювадиган бўлгани учун, аввал қўлини ювиб олиши яхши бўлади.
Шу мулоҳазага биноан, нафақат уйқудан турган одам,балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.
Бизнинг Ҳанафий уламоларимиз поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олганлар.
3. Мисвок қилмоқ.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни доимо қилганлар ва бошқаларни ҳам мисвок қилишга тарғиб этганлар.
عن ابي هريرة رضي الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال:لو لا ان اشق على امتى لامرتهم بالسواك مع كل وضوء. رواه مالك والبخارى
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар, умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим»,дедилар». Имом Молик ва Бухорий ривоят қилишган.
Бизда «мисвок қилиш» деб ишлатиладиган истилоҳда тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олсак бўлади.
4. Оғзини ва бурнини сув ила ювмоқ.
Оғизни ва бурунни ювишни бизда “чайиш” дейиш одат бўлиб қолган. Бу ишни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қилганлар ва бир қанча ҳадисларида алоҳида таъкидлаганлар.
عن طلحة بن مصرف عن ابيه عن جده: ان رسول الله صلى الله عليه وسلم توضأ فمضمض واستنشق ثلاثا، يأخذ لكل مرة ماء جديدا. رواه الطبرانى وابو داود
Толҳа ибн Мусаррифдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Уч марта оғизларини ва бурунларини чайдилар. Ҳар марта янги сув олдилар». Тобароний ва Абу Довудан ривоят қилинган.
5. Соқолини ва бармоқларини тахлил қилмоқ.
Тахлил қилиш бармоқдарни бир-бирига ёки соқолга киритиш билан бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таҳорат қилсалар, кафтларига сув олиб, жағлари остига киритар ва у билан соқолларининг орасига сув етказар ва «Роббим мени шундоқ қилишга амр қилган», дер эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилинган.
Термизийнинг ривоятида: «Қачон таҳорат қилсанг, икки оёғинг ва икки қўлинг панжалари орасига сув етказ, дер эдилар», деб келган.
6. Ювишни уч мартадан қилмоқ.
Бу ҳукм Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдан олинган:
جاء اعرابى الى النبى صلى الله عليه وسلم يسأله عن الوضوء فاراه ثلاثا ثلاثا ثم قال هكذا الوضوء فمن زاد على هذا فقد اساء و تعدى وظلم. رواه النسائى واحمد و ابو داود
«Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас, унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра: «Таҳорат мана шундоқ ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ, ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», - дедилар». Насаий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилинган.
Яъни, таҳорат мана шу, мен кўрсатгандек, бундан зиёдаси мумкин эмас. Ким зиёда этиб, уч мартадан ошириб юборса, ёмон иш қилган, шариатнинг чегарасидан чиққан ва ўзига зулм қилган бўлади, дедилар.Шундан таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш кераклиги кўринади.
7-8.Бошининг ҳаммасига бир марта ва икки кулоғига у(бош)нинг суви ила масҳ тортмоқ.
عن ابن عباس رضى الله عنه ان النبى صلى الله عليه وسلم مسح برأسه واذنيه ظاهرهما وباطنهما. رواه الترمذى و ابو داود
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар». Термияий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бу ҳадисда эса, бошга масҳ тортиш вақтида икки қулоққа ҳам масх, тортилиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан собит бўлгани айтилмоқда. Унда икки кўрсаткич бармоқни қулоқларнинг ичига тиқиб туриб, улар билан қулоқнинг ич томони, икки бош бармоқ билан эса уст томони масҳ қилинади.
Фуқаҳолар ўз китобларида бу ишни айнан ушбу ҳадисга суяниб васф этишган. Фақат, улар кўпчиликка осон бўлсин учун, ҳадисни тўлиқ айтмасдан, қилиниши лозим бўлган ишни айтиб қўя қолганлар, холос.
9. Ният қилмоқ.
Таҳорат қилишдан олдин уни ният қилмоқ ҳам суннатдир.
Умар ибн Хаттоб розияллоху аяхудан ривоят қ,илинади:
عن عمر بن الخطاب رضى الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: انما الاعمال بالنيات. رواه الشيخان
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятларга боғликдир», - дедилар. Бунда бетаҳоратликни кетказишни ёхуд таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган ибодатни қалб ила қасд қилинади. Ниятни тил билан айтиш мустаҳабдир.
10. Тартибли қилмоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тартибли равишда, таҳоратнинг амалларини бирини олдинга, бошқасини кейинга сурмай қилганлар. Ояти каримада Таҳорат қандай васф қилинган бўлса, ўша тартибда бўлган. Оятда зикр қилинмаган амалларнинг тартибини ҳам бузмай таҳорат қилиш суннатдир.Тартибнинг вожиб эмаслигига фуқаҳоларимиз қуйидаги далилни келтиришган:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, жунубликдан ғусл қилаётган одамнинг жасадидан баъзи ерига сув тегмай қолиши ҳақида сўради. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша ерни ювади. Сўнгра намоз ўқийди»,- дедилар». Тобароний ривоят қилган.
11. Кетма-кет қилмоқ.
Таҳорат қилган киши бир аъзосини ювгандан кейин бошқасини ювишни ҳам орага бегона ишни қўшмай ювишини “кетма-кет” деб тушунмоғимиз лозим. Таҳоратни қилиб бўлиб, оёқни ювишни бошқа жойга, мисол учун, Уйга кириб ювишни “кетма-кет қилмаслик” деб тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Таҳорат амалини доимо кетма-кет қилганлар, баъзида бу ҳолатга амал қилинмагани ҳақида ривоят бор.
Имом Молик Нофеъ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Ибн Умар розияллоқу анҳу бозорда Таҳорат қилиб, оёкларини масжидга кириб ювганлар ва саҳобалар бунга инкор қилмаганлар.
Нофеъдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар бозорда Таҳорат ушатди. Сўнгра Таҳорат қилди. Юзи ва икки қўлини ювди ҳамда бошига масҳ тортди. Кейин масжидга кирганида намози жанозага ўтиш учун даъват қилинди. У икки махсисига масқ тортди ва жаноза намозини ўқиди». Молик равоят қилган.
Ахунжанов Қобилжон
таълим муассасаси ўқитувчиси