Яратилиш санаси 24.05.2026

Ҳайит намозининг ҳукми ва аҳамияти

Ислом динида йил давомида икки бор нишонланадиган улуғ айёмлар — Ийд ал-Фитр (Рўза ҳайити) ва Ийд ал-Азҳо (Қурбон ҳайити) бор. Бу кунлар мўмин-мусулмонлар учун нафақат хурсандчилик, балки катта ибодат ва шукроналик мавсумидир. Бу кунларнинг кўрки ва асосий шиори эса ҳайит намозидир.

Қуйида ҳайит намозининг шариатимиздаги ўрни, унинг ҳукмлари ва кимларга вожиб экани ҳақида батафсил сўз юритамиз.

Ҳайит намозининг ҳукми борасида Ислом оламидаги тўрт буюк мазҳаб имомларининг қарашлари бир-бирини тўлдиради: Ҳанафий мазҳаби (Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ): Бизнинг мазҳабимизда ҳайит намозини ўқиш вожиб ҳисобланади. Бунга асосий сабаб — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозни доимий равишда ўқиганлар ва ҳаётлари давомида уни бирор марта ҳам тарк қилмаганлар.

Моликий ва Шофиъий мазҳаблари: Бу икки мазҳаб наздида ҳайит намози суннати муаккада (таъкидланган суннат) ҳисобланади.

Ҳанбалий мазҳаби (Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ): Бу мазҳабда эса ушбу намоз фарзи кифоя (агар жамоатнинг бир қисми адо этса, бошқалардан масъулият соқит бўладиган фарз) деб белгиланган.

Ҳайит намозини адо этиш лозимлигига Аллоҳ таолонинг ушбу буйруғи далолат қилади:
وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
“...Яна рўзани тамом қилиб, Худони улуғлаб ёд қилмоқликларингизни хоҳлайди, чунки сизларни шу ибодатларни қилишга ҳидоят қилди”. (Бақара сураси, 185-оят)

Улуғ тафсир олимлари ушбу оятдаги “Худони улуғлаб ёд қилиш”дан мурод айнан ҳайит намозини ўқиш ва унда айтиладиган такбирлар эканини баён қилганлар.

Шариатимиз кўрсатмасига кўра, ҳайит намозининг вожиб бўлиш шартлари худди жума намозиники кабидир. Ушбу намоз қуйидаги хусусиятга эга бўлган кишиларга вожиб бўлади:

Балоғат ёшига етган ва озод инсонларга;
Соғлом (кўзи ва оёғи саломат, масжидга боришга қодир) кишиларга;
Ақли расо эркакларга;
Шаҳар ёки катта қишлоқларда яшовчи муқим кишиларга.

Йилда бор-йўғи икки маротаба келадиган бу улуғ намоз сусткашлик ёки бепарволик билан ўтказиб юбориладиган оддий амал эмас.

Агар бир инсоннинг шаръий узри (оғир касаллик, юра олмаслик каби сабаблари) бўлмаса-ю, шунга қарамай ҳайит намозига чиқмаса, у қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолиши шубҳасиздир. Бундай улуғ жамоатдан ва Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолиш мўмин кишига асло ярашмайди.

Азиз диндошим! Ҳайит кунлари Аллоҳ таоло бизга бахш этган тинчлик, омонлик ва ибодат лаззатининг шукронасини адо этадиган кундир. Шундай экан, йилда икки бор бериладиган бу буюк имкониятни ғанимат билайлик.

Ўзимизни, фарзандларимизни ва яқинларимизни ушбу муборак намозга тарғиб қилайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тоат-ибодатида бардавом айласин!

Абдураҳмонов Муҳаммадхон,

Таълим муассасаси ўқитувчиси