Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгирнинг устозлари
Шоҳ Аврангзеб ўз даврининг буюк уламолари қўлида таълим олди ва илмига амал қилувчи олим бўлиб етишди. Хусусан, “Мужаддидул алфис сони”[1] номи билан машҳур имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий ва “Нурул-анвор” асари муаллифи Мулло Жийван номи билан машҳур Аҳмад ибн Абу Саид сингари олимлар унинг устозларидан эди.
Жумладан, Аҳмад ибн Абу Саид Мулло Жийван Аврангзеб ҳақида ўзининг “Тафсиротул-Аҳмадия фи байани айатиш-шаръия маъа таърифати-масаили фиқҳия” асарининг муқаддимасида шундай деган: “Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб фазилат ва неъматларга ҳирс қўймаган кишидир. У ислом динини ҳимоя қилувчи зотдир. Набий (с.а.в.) ва у кишиниинг аҳли оилаларига салом бўлсин. Бизнинг бу мақтовимиз дунёга эришиш ёки тамаъ ва бойликни қўлга киритиш учун эмас, балки динни ривожи учундир”[2].
Мулло Жийван номи билан танилган Шайх Аҳмад ибн Абу Саид Сиддиқий Амитавий Деҳлавий Ҳиндистоннинг Амитай қишлоғида дунёга келди. Унинг насаби Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га боради. У Мулла Лутфулло Кувровий қўлида илм тахсил қилди. Хаж сафарига боришга муяссар бўлган. Қолган умрини мударрислик қилиш ва китоблар тасниф қилишга бағишлади. У Деҳлида 1130 йилда вафот этди. Унинг жасади Амитай қишлоғига олиб борилиб, ўша ерга дафн қилинди.
[1] Иккинчи минг йилликнинг буюк олими.
[2] Аҳмад ибн Абу Саид Мулла Жийван “Тафсиротул- Аҳмадия фи байани айатиш-шаръия маъа таърифат масаили фиқҳия”. Б-6.
Маҳмудов Калимуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси