Уламоларнинг Имом Нававий ҳақида айтган гаплари
- Ибни Касир “Тобоқот аш- Шофеъия” номли китобида Имом Наввавий ҳақида қуйдагиларни айтган: У имомлар шайхи, аллома, хофиз, фақиҳ, зоҳид, ҳаётда тежамкор, ўта сабрли, биз хали унақасини кўрмаган даражада тақводордир.
- Шамсиддин ибн Фахр ал-Ҳанбалий У ҳақида қуйдагича айтган: У имом, пешқадам, хофиз, мутқин (ишончли), кўп сонли асарлар соҳиби, ниҳоятда тақводор айниқса таом борасидаги тақвоси бошқаларда кузатилмагандир.
- Шайх Қутбиддин Юнайний У ҳақда қуйдагиларни айтади: У ўз замонасининг илмда ҳам, тақвода ҳам ҳатто оддий муомала масалаларида ҳам ягонасидир.
-Тарихчи Соримуддин Иброҳим Диқмақ ал-Ҳанафий ўзининг “Нузҳатул аном” номли китобида У ҳақда қуйдагиларни айтган : У Шайх, фарийдул аср ( замонасининг ягонаси ), вақт қадрига етишда тенги йўқ, вақти баракали мақсади гўзал ва холис инсондир.
- Имом Суютий У ҳақда қуйдагиларни айтган : Имом Нававий фақиҳ, ҳофизлар ҳофизи, шайхул ислом ва авлиёлар сардоридир.
- Имом Заҳабий “Тарийхул ислом” да У ҳақда қуйдагича айтган: У шайхул ислом ва умматнинг муфтийсидир.
- Тож ус-Сабкий ўзининг “Тобақот ал-Кубро” ва “Тобақот ал-Вусто” номли китобларида У ҳақда қуйдагиларни айтган: У қутбиддин, соҳиби каромат, бутун умрини аҳли сунна вал- жамоа йўлида ўтказган зотдир. [5]
Агар Имом Нававий ҳақида ёзилган китобларга назар ташланилса албатта олимнинг кароматлари ҳақидаги бир бобни кўриш мумкин. Ана шундай кароматлардан бири қуйдагича келтирилган: Дамашқ подшоҳи Зоҳир Бибрис бир фатвога имзо чекиш учун Имом Нававийни ҳузурига чақиртирди. У зот бошларига кичиккина салла ўраб бордилар. Саллаларига қараб менсимасдан: “Эй шайх! Бу фатвога имзо чек”, деди. Аммо имом бош тортдилар. Подшоҳ ғазаб билан: “Нима учун”, деб сўради. Шунда у зот: “Бу фатвода оғирлик келтирувчи зулм бор”, дедилар. Подшоҳ янада ғазабланиб: “Уни ҳамма вазифаларидан бўшатинглар”, деб амр қилди. Аъёнлар эса “Унда ҳеч қанақа вазифа йўқ”, деб жавоб беришди. Сўнг подшоҳ қатл қилмоқчи бўлди. Лекин Аллоҳ унга ниятини амалга оширишга журъат бермади. Шунда аъёнлар: “Нега ўлдирмадингиз, бунақа вазият бошқа бўлмайди?” дейишганида, подшоҳ: “Аллоҳга қасамки унинг важоҳати мени қўрқитиб юборди”, деб жавоб берди. Бу иш Аллоҳнинг фазлидир. Уни солиҳ бандаларидан хоҳлаганига беради.
[5] Абдулғани Дақар. Имом Нававий. -Байрут. Дорулқалам наширёти. 1994. –Б. 141.
Ахунжанов Қобилжон
таълим муассасаси ўқитувчиси