Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг фазилатлари
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Ислом умматининг энг машҳур зотларидан саналадилар. “Абу Бакр” у зотнинг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллоҳ бўлган. Оталарининг исмлари Усмон (кунялари Абу Қуҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу буюк зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар.
Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг лақаблари – “Сиддиқ” бўлиб, ушбу лақабни олишларига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларини тасдиқлашга ҳар доим шай турганлари, бундан ташқари Исро ва Меърож ҳодисасини ҳеч қандай тараддудсиз, дарҳол тасдиқлаганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқлик – ростгўйликни муҳим асос деб билганлар. Имон масаласида у кишида бирор мартаиккиланиш ёки сусткашлик сезилмаган. Шу ва шунга ўхшаш жуда кўп фазилатлар у кишининг “Сиддиқ” деган лақабни олишларига сабаб бўлган.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни Исломга даъват қилган бўлсам, унда иккиланиш, тараддуд ва ўйлаб туриш ҳоллари бўлди. Аммо Абу Бакр ибн Абу Қуҳофага Исломга киришини таклиф қилганимда, тараддудланмади, ўйлаб ҳам ўтирмади” – деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, биз ҳам бу зотга ўхшаб ростгўй ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган гапларга сўссиз амал қиладиган бўлишимиз даркор.
Демак, биз ҳам бу зотга ўхшаб, имконимиз борича динимиз ривожи ва юртимиз ободлиги йўлида молу-давлатимизни сарфласак, жамиятимиздаги етимлар, моддий жиҳатдан қийналган бева-бечораларга хайру саховат қилсак, айни муддао бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
“Умматим ичида умматим учун энг меҳрибони – Абу Бакрдир”, – дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан бошлаб, то Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича, ҳар доим У Зот билан бирга бўлдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиш асносида У Зотнинг ғордаги ҳамроҳлари бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан бирга йўлга чиққанларида, уларнинг изларига тушган мушриклардан сақланиш учун Макка чеккасидаги Савр тоғининг бир ғорига кириб яширинадилар. Душман изқуварлари ғор оғзигача излаб келадилар. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан ғор оғзи ўргимчак тўрлари билан ўралиб қолади. Буни кўриб, улар орқага қайтиб кетадилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ғор оғзига келиб қолган душманлар Расулуллоҳга озор етказишади, деб қаттиқ ҳаяжонланадилар. Шунда Расули Акрам алайҳиссалом тасалли берадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» – деган эди. Шунда Аллоҳ унга таскин (хотиржамлик) нозил этди ва сизлар кўрмаган лашкарлар билан уни қувватлади ҳамда кофир бўлганлар сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзи эса, у юксакдир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир” (Тавба сураси, 40-оят).
Мана шу ояти каримада зикр этилган икки киши – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эканларига барча муфассирлар иттифоқ қилишган. Шу сабабли ким Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг саҳоба эканликларини инкор қилса, кофир бўлади, дейилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакрга:
“Сиз ғорда менга ҳамроҳ бўлганингиздек, Ҳавзда ҳам, ҳамроҳим бўласиз”, – деганлар.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу хайрли ишларда доимо саҳобаларнинг энг пешқадами бўлганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Сарвари олам яна: “Ким бугун жанозага қатнашди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. У Зот: “Ким бугун бирор мискинни таомлантирди?” – деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Пайғамбаримиз: “Ким бугун бирор касални бориб кўрди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу ишлар қайси бир кишида жамланган бўлса, у албатта жаннатга киради”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, биз ҳам бу зотдан ўрнак олиб, имкон қадар мазкур савобли ишларни ҳар куни амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келдилар ва қўлимдан етаклаб бориб, менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатдилар”, – дедилар. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам Сиз билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим”, –деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сиз бўласиз”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бир одам учун бундан ортиқ фазилат бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлмаса керак.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан сўнг барча саҳобаларнинг иттифоқи билан мусулмонларнинг йўлбошчиси бўлдилар. У зот ўзларининг икки йил уч ой-у бир ҳафта давом этган халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Турли фитналар бўлиб, кўпчилик диндан қайтганда, қатъиятлилик билан уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Қуръони каримни алоҳида китоб шаклига келтирдилар ва кўплаб диёрларга Ислом дининг кенг ёйилишига хизмат қилдилар. У зот ҳижратнинг ўн учинчи йили жумадул аввал ойида олтмиш уч ёшларида вафот этганлар.
Муҳаммадали Каттабаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билимм юрти ходими