Исломда шафоат масаласи
«Шафоат» луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашни англатади. Кўпинча, шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан пастроқ одамнинг тарафини олиб, унга маънавий ёрдам бериши ила содир бўлади.
Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳнинг ҳузурида шафоат берувчилар ҳам гуноҳкорларга кўмак берадилар. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қиёмат куни шафоат берилиши ҳақида бир қанча хабарлар келган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (255-оят).
Шафоат қилиш улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради.
Бандаларнинг барчаси, ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қоладилар.
Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто, ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг умматимдан бир катта жамоага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир қабилага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир уруғга шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир кишига шафоат қиладиган кимса бор. Улар жаннатга киргунларича шафоат қиладилар», – дедилар».
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳид ўз аҳли байтидан етмиш кишини шафоат қилади», – дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: анбиёлар, уламолар ва шуҳадолар», – дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
«Бад ул-Омолий» назми муаллифи Усмон Ўший роҳимаҳуллоҳ шафоат борасида қуйидаги байтни келтирганлар.
ومرجو شفاعة أهل خير لأصحاب الكبائر كالجبال
Аҳли хойрларнинг шафоати тоғдай гуноҳи кабира эгаларига умид қилинади.
Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. Фақат Хаворижлар ва Мўътазилийлар бунга хилоф қилишган. Улар ўзларининг «Гуноҳкорлар дўзахда абадий қолурлар» деган фикрларига таассуб қилиб, шу фикрга кетганлар. Ҳозирги кунда ҳам баъзи бир хавориж ёки мўътазилий фикрида бўлиб, шафоатни инкор қиладиганлар, онда-сонда бўлса-да, учраб туради. Улар ўз фикрларига далил ҳам келтирадилар.
Биринчи далиллари «Муддассир» сурасидаги: «Бас, уларга шафоатчиларнинг шафоати манфаат бермайдир» оятидир (48-оят).
Иккинчи далиллари «Ғофир» сурасидаги: «Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» оятидир (18-оят).
Улар бу оятларни далил қилишлари хатодир. Чунки бу икки оят кофирлар ҳақида келган. Шафоат эса мўмин-мусулмонлар ҳақида бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан насиб қилсин.