Муқаллиднинг иймони
Муқаллид – мужтаҳид бўлмаган шахс, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у ҳукм чиқаришдаги далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас.
Демак, муқаллид агар Қуръон ва суннатга амал қилмоқчи бўлса, уларни билган кишилар, яъни мужтаҳидларга эргашиш, яъни тақлидга тақлидга ўз-ўзидан мажбур бўлади.
Ҳозирги даврда Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилишган. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши жуда ҳам қийин.
Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибда ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам асоссиздир.
Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва салафи-солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.
Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сараҳсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.
Ваҳоланки, улар “илм денгизлари” дея эътироф этилган зотлар бўлиб, бугунги кунимизгача барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар.
Тақлиднинг жоизлиги, баъзи ўринларда эса, зарурий эканига ишора қилувчи оятлар Қуръонда мавжуд бўлиб, қуйидаги оятлар бунга мисол бўлади: 1. «Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!» Бу оятдаги «бошлиқ» сўзини баъзи олимлар томонидан мусулмонлар раҳбарлари деб қаралган, бошқа олимлар наздида фақиҳлар. Иккинчи маънони Абдуллоҳ ибн Аббос, Мужоҳид, Ато ибн Абу Робиа, Ато ибн Соиб, Ҳасан Басрий ва бошқалар қўллаб-қувватлаганлар. Имом Розий иккинчи фикрни тасдиқлаб шундай дейди: ««Бошлиқ» сўзидан кўзланган мақсад эҳтимол, қўпроқ олимлар дейилиши мақсадга мувофиқдир». Имом Абу Бакр Жассоснинг фикрига кўра иккала маънонинг ҳар бир бирига қарама-қарши жойи йўқ. Сиёсий масалаларда давлат раҳбарларига, ҳуқуқий масалаларда эса, олимларга эргашиш керак. Имом Ибн Қоййим, давлат раҳбарларига итоат қилиш аслида, олимларга итоат қилишдир, чунки биринчилар ҳуқуқий масалада иккинчисига эргашади.
Шундай қилиб «...раҳбарларга эргашиш – олимларга эргашишдир», деган. Демак, мазкур оят Аллоҳга, Расулуллоҳга ва манбаларни тушунтира оладиган олимларга эргашиш шартини қўяди. Бунинг учун ҳуқуқий атама эса «тақлид»дир. (Давоми бор)
Абдулазиз Бобамирзаев