Муқаллиднинг иймони-2
Суннатда ҳам худди Қуръони карим оятларида бўлгани каби тақлиднинг жоизлиги ҳақида зикр қилинган.
Улар: Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилган ҳадисда: «Мен сизларнинг орангизда яна қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, мендан сўнг у иккиси: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинг» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад), дейилган.
Тақлид саҳобалар даврида ҳам бўлган. Илм билан шуғулланмаганлари ва маълум масалаларда ўзларининг ижтиҳодлари бўлмаган саҳобалар, таниқли фақиҳ саҳобаларга мурожаат қилиб уларнинг маслаҳатлари бўйича иш қилганлари тарихдан маълум.
Саҳобалар даврида мутлақ тақлид ва шахсий тақлидга оид далиллар жуда кўп, бунга оид кўп китоблар ёзилган.
Шундай бўлсада, мутлақ тақлидга оид баъзи мисоллар келтирилади: Ибн Аббос ривоят қилади, Умар ибн Хаттоб Жобияда хутба қилди, унда: «Эй одамлар! Агар сиз Қуръондан нимадир билмоқчи бўлсангиз, Убай ибн Каъбга (розияллоҳу анҳу) боринг, агар меросни ўрганмоқчи бўлсангиз, Зайд ибн Собитга (розияллоҳу анҳу) боринг, агар фиқҳни (ҳалол ва ҳаром ҳақида) билмоқчи бўлсангиз, Муоз ибн Жабалга (розияллоҳу анҳу) боринг, агар мол-дунё сўрамоқчи бўлсангиз, менга келингиз, зеро Аллоҳ мени васий ва тақсимловчи қилиб қўйди», деган (Табароний). Умар (розияллоҳу анҳу) ўзининг хутбасида одамларга тафсир, мерос ва фиқҳ масалаларида ҳар бир йўналишдаги мутахассис олимларини билиб олиши ва улардан ўрганишлари кераклигини айтди. Маълумки, матнларни ва барча далилларни тушунишга ҳамманинг ҳам қобилияти етмайди. Айтилганлар икки томонга ишора қилади: кимнинг қобилияти бўлса, олимларга уларнинг ҳужжатлари ва далилларини тушуниш учун мурожаат қилиши керак, қобилияти йўқлар эса, масалани ҳал қилишда олимлар уларга мурожаат қилишлари ва уларнинг маслаҳатларига асосан иш қилишлари лозим.
Абдулазиз Бобамирзаев