Аллоҳ замон ва макондан покдир
Ҳанафий мазҳабининг имомларидан бўлмиш, Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий "Ақида ат-Таҳовия"да айтадилар:
وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.
“У Зот чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди”. Ҳанафий мазҳабининг буюк олими Мулла Алий ал-Қори раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
بل قال جمع منهم- أي من السلف- ومن الخلف إن معتقد الجهة كافر كما صرح به العراقي، وقال: إنه قول لأبي حنيفة ومالك والشافعي والأشعري والباقلاني
“Салафлар ва халафларнинг барчаси (Аллоҳни маълум бир) тарафда деб эътиқод қилганни кофир эканлигини айтганлар. Ҳофиз Ироқийнинг таъкидлашича, албатта булар, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий, Ашъарий ва Боқилоний (раҳимаҳумуллоҳ)нинг сўзларидир”. (Алий ал-Қори, “Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ”). Шофеъий мазҳаби имомларидан, Шайхул Ислом Муҳйиддин ан-Нававий (ҳ. 631-676 й.) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
اذا دعاه الداعي استقبل السماء كما اذا صلى المصلي استقبل الكعبة وليس ذلك لأنه منحصر في السماء كما أنه ليس منحصرا في جهة الكعبة بل ذلك لأن السماء قبلة الداعين كما أن الكعبة قبلة المصلين
“Дуо қилаётган киши осмонга юзланганда, бу худди намоз ўқувчи киши Каъбага юзлангани кабидир. Бу, Аллоҳ осмонда чегараланганлиги учун эмасдир, худди, У Каъба тарафда ҳам чегараланган бўлмагани кабидир. Балки, буларнинг боиси – осмон дуо қилувчиларнинг қибласи бўлган ҳолда, Каъба эса намоз ўқувчиларнинг қибласи бўлганлиги кабидир”. (ан-Нававий, Шарҳ Саҳиҳ Муслим). Демак, аҳли суннат ва жамоатнинг барча вакиллари тан олган, бутун дунёга ўзларининг ақидалари ила устоз сифатида танилган уламоларига эргашиш энг тўғри, энг соғлом йўлдир.
Абдураҳимов Баҳромжон