Яратилиш санаси 17.12.2025

Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти (1-қисм)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, англашдан мақсад, Ислом таълимотини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларида амалда ўз аксини топганини тасаввур қилишдир. Демак, сийратни ўрганиш Ислом моҳиятини англаш учун амалий татбиқ баробарида экани маълум бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзларини ўрганиш орқали у зотнинг шахсиятларини англаш ва бунинг натижасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак фазилатлар соҳиби ва юртдошлари олдида катта обрў-эътибор қозонган баркамол инсонгина бўлиб қолмай, у зот энг аввало Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси ва тавфиқи билан қувватлантирган "Расул" эканларини ҳам таъкидлашдир.

Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзи ардоқлайдиган, ҳурмат қиладиган, йўлидан юриб, этагини маҳкам тутадиган бир намунали йўлбошчига муҳтождир. Шубҳасиз, агар инсон ўзи учун олий намуна бўладиган йўлбошчини ҳаётнинг қайси томонидан қидирмасин, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиймоларида яққол намоён эканини топади. Зеро, Аллоҳ таоло у зотни бутун инсониятга намуна қилиб яратган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.”[1]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганган инсон Аллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ фаҳмлайди, унинг мақсадлари ва руҳини ҳис этади. Зеро, Қуръони каримнинг аксар оятларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар тафсир қилади.

[1] Аҳзоб сураси 1-оят

Абдураҳимов Баҳромжон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси