Яратилиш санаси 29.01.2026

Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти (2-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш асносида мусулмон инсон ақоид, ҳукмлар ва ахлоқ-одобга доир саҳиҳ исломий билим-маърифатга эга бўлади. Чунки, у зотнинг ҳаётлари ислом асослари ва ҳукмлари мажмуасини ёритиб, гавдалантириб берувчи ойна кабидир.

Исломий муаллим ва мураббийнинг ҳузурида таълим-тарбия усулларининг йўриғи, андозаси бўлиши лозим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам холис муаллим ҳамда фозил мураббий бўлиб, ўз даъватларининг турли босқичларида таълим-тарбиянинг ана шундай фойдали ва самарали усулларини излаб топишда куч-ҳаракатларини аямаганлар.

Мазкур мақсадларни рўёбга оширишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг алоқаси у зотнинг ҳаётлари инсоний ҳамда ижтимоий жабҳаларнинг барчасини қамраганлигида кўринади.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар жабҳада етук намунадир. Зотан, у зот атрофдагилари ва дўстларининг ишончини қозонган, ўз йўлини тўғри танлаган инсон, Аллоҳ таолонинг рисолатини етказишда бор кучини аямайдиган, инсонларни Аллоҳ таолонинг динига чиройли мавъиза ва донишмандлик билан чақирувчи даъватчи ҳамда аҳли оиласига чиройли муомалада бўлувчи эр, фарзандларининг ҳақларини ўз ўрнига қўйган меҳридарё ота, ҳам ҳарбий ҳам сиёсий моҳир қўмондон, Парвардигорига гўзал ва чин ибодат қилувчи мусулмон эдилар.

Аён бўлмоқдаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари инсон ҳаётининг энг гўзал ва олий намунасидир.[1]

[1] Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Фиқҳ ас-Сийра ан-Набавийя. Дамашқ. “Дорул фикр” 1996.

Абдураҳимов Баҳромжон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси