Яхшиликнинг кўлами кенг
Ҳаёт тезлашгани сайин баъзида ҳар кунлик ташвишлар орасида кўпгина кичик яхшиликларни назар-писанд қилмай қўямиз. Кимгадир берилган арзимас ёрдам, йўқсилнинг ҳолидан хабар олиш ёки шунчаки илиқ табассум кўзга кўринмайдигандек туюлади. Аммо доно халқимиз ва маънавий меросимиз бизни доимо бир ҳақиқатга чорлайди: яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди!
Мусулмон кишининг фазилати шундаки, у яхшиликни унинг катта ёки кичиклигига қараб баҳоламайди. Гарчи амал жуда оддий ва арзимас кўринса ҳам, унда холис ният ва эзгу мақсад мужассам бўлса, унинг қадри баланддир. Садақа фақатгина моддий бойлик ёки катта маблағ беришдан иборат эмас. Йўлдаги бирор озор берувчи нарсани четга суриб қўйиш, оғир юкни кўтаришга кўмаклашиш, одамларнинг дилини хушнуд этиш ҳам улкан эҳсондир.
Ҳақиқатдан ҳам, эзгуликнинг кўринишлари жуда кўп: муҳтожнинг эҳтиёжини қондириш, қийналганларга ёрдам бериб мушкулини осон қилиш, оғирига елкадош бўлиш, ғам-андуҳга қолганлар юзига табассум улашиш ва илиқ сўз билан кўнгил кўтариш шулар жумласидандир. Бу каби яхшилик турларини яна давом эттириш мумкин бўлиб, энг қизиғи, уларни юзага келтириш учун инсондан катта моддий маблағ ёки кўп матоҳ талаб этилмайди — бунинг учун оддийгина эътибор ва озгина ҳаракатнинг ўзи етарлидир.
Халқимизда «Яхшилик ҳеч қачон ерда қолмайди» деган нақл бежиз айтилмаган. Тирик жонзотга — хоҳ у одам бўлсин, хоҳ бир жонзот бўлсин — меҳр кўрсатиш инсоннинг қанчалик юксак маънавий даражада эканини кўрсатади. Уларга нисбатан шафқатли бўлиш, озор бермаслик асл инсоний бурчдир.
Ҳадис китобларимизда қуйидаги ривоят келтирилади: “ Бир одам йўлда кетар эди, бир вақт у жуда қаттиқ чанқади. Шунда у бир қудуқ топиб, унга тушди, сувидан ичди ва қудуқдан чиқди. Бир вақт қараса, бир ит чанқашдан ҳарсиллаб, ҳўл тупроқни чайнарди. У одам ўзига ўзи: “Мен қандай чанқаган бўлсам, у ҳам шундай чанқабди” деди-да. Қудуққа яна тушди. Махсисини суви билан тўлдириб, оғзидан маҳкам ушлади. Сўнг юқорига кўтариб итни суғорди. Ит Аллоҳ таолога шукр айтди ва у одамнинг гуноҳлари кечирилди. Шунда одамлар пайғамбар (с.а.в.)дан: “Бизга ҳайвонлар тўғрисида ҳам ажр-савоб бериладими?”деб сўрашди. У зот: “Ҳар бир сувли (тирик) жигар эгаси тўғрисида ажр-савоб бордир”, деб жавоб бердилар” дейилади.(имом Бухорий ривояти).
Жамиятни ўзгартириш учун улкан кашфиётлар ёки мислсиз бойлик шарт эмас. Кўпинча кундалик ҳаётимиздаги кичиккина муносабатлар: биргина илиқ сўз, йўловчига кўрсатилган ҳурмат ёки табиат ва ҳайвонот оламига нисбатан меҳр дилларни юмшатади.
Унутманг, эзгулик ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. У ҳар доим қайтади — аввало қалбингизга осойишталик, кейин эса жамиятга барака бўлиб қайтиб келади. Бугун бошқаларга илинган кичик бир табассумингиз ёки кўрсатган кўмагингиз катта ўзгаришларнинг бошланиши бўлиши мумкин.
Наманган шаҳар “Шайх эшон”
масжиди имом-ноиби
Абдулбоқий Турсунов