Яратилиш санаси 01.11.2021

ЎЛИККА ВА БОШҚАЛАРГА САВОБ БАҒИШЛАШ ЖОИЗМИ

Аллома, шайх Садриддин ад-Димишқий ўзининг "Раҳмат ал-умма фий ихтилоф ал-аимма" номли китобида бу хилдаги иборани айтиб ўтган: "Истиғфор, дуо, садақа, ҳаж, қул озод қилиш кабиларнинг маййитга фойда беришига ва унга савоби етиб боришига уламолар иттифоқ қилганлар". 

Ушбу ифодадаги асос "ал-Ҳидоя"да ва ундан бошқа мўътабар китобларда келтирилган: "Инсон учун ўз амалининг савобини у хоҳ намоз бўлсин, хоҳ рўза, садақа ёки бошқаларни бағишлаши мумкин бўлади".

Имом Табароний ривоят қилишича, бир кимса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: "Менинг ота-онам бор, уларнинг ҳаётлик ҳолларида уларга яхшилик қилиб турардим. Улар вафот этганидан сўнг уларга қандай яхшилик қиламан?" деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: "Яхшиликдан кейинги яхшилик ўз намозингга қўшиб уларга ҳам намоз ўқишингдир, рўзанг билан бирга уларга ҳам рўза тутиб беришингдир". Бошқа бир ривоятда  "Садақанг билан бирга улар номидан ҳам садақа қилишингдир" деган жумла ҳам қўшилган. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан икки ола-була қўчқорни – улардан бирини ўзларининг номларида, бошқасини умматлари номидан қурбонлик қилганлари саҳиҳ тарзда ривоят қилинган. Уни саҳобалардан бир нечтаси ривоят қилганлар, муҳаддислар бу ҳадисни  турли йўллар ва ҳар хил лафзлар билан тахриж қилганлар. 

Демак, муштарак бўлгани боис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уммати номидан қурбонлик қилганлари у билан Китоб (Қуръон) ҳукмини қайдлаш жоиз бўладиган даражада машҳур ҳадис бўлиши ҳақиқатдан узоқ бўлмайди. У Китобдан Аллоҳ таолонинг: "Инсон учун фақат ўзи ҳаракат қилган нарсаси бўлур" (Нажм, 39) оятини назарда тутган. Шунга кўра, унинг маъноси: "инсон учун бошқанинг саъй-ҳаракати бўлмайди, фақат ушбу ҳаракатини бошқага бағишласа жоиз", дегани бўлади. 

Саҳиҳ ривоят этиб келганига қараганда, Хасъам қабиласидан бир хотин: "Эй, Расулуллоҳ! Отам Аллоҳнинг фарзларидан бир ҳажни топган. Бироқ у қариб қолган, туянинг устига миниб, ҳажга боришга қудрати этмайди" деганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Унинг номидан ҳаж қилгин!" деб марҳамат қилганлар. Уни олтита саҳҳи тўплам эгалари ўз китобларида ривоят қилганлар.

Имом Бухорий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилганки, бир кимса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га онаси ўлганини айтиб, "унинг номидан садақа қилсам бўладими?" деган. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Ҳа!" деб жавоб берганлар.
Имом Насоий эса Саъд ибн Убода (р.а.)дан ривоят қилишича, у Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига келибди. "Онам вафот қилди, унинг назр қилгани бор эди. Унинг номидан қул озод қилсам жоиз бўладими?" деб сўрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Онанг номидан қул озод қил!" дейдилар.

Имом Укбарий эса Анас (р.а.)дан ривоят қилишича, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бундай деб сўраган: "Эй, Расулуллоҳ! Биз ўликларимиз номидан садақа қиламиз, улар номидан ҳажга борамиз, улар ҳаққига дуолар қиламиз. Мана шу уларга этиб борадими?". Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Ҳа, уларга этиб боради" деганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят келтирган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деб марҳамат қилганлар: "Кимки қабристонга кирса, сўнг фотиҳа сурасини ва Қул ҳуваллоҳу аҳад, Алҳакум ат-такосур сураларини қироат қилса, сўнгра "Сенинг каломингдан қироат қилганимнинг савобини мўъмин ва мўъминалардан иборат қабристон аҳлига бағишладим" деса, улар унинг учун Аллоҳ таолога шафеъ бўладилар".

"Кимки намоз ўқиса ёки рўза тутса ёки садақа қилса ва савобини хоҳ ўлик хоҳи тирик бўлган бошқага бағишласа, жоиз бўлади. Аҳли сунна ва жамоа фикрича, уларга савоби этиб боради. 

Сўнг булардан билиб олиндики, савоб бағишланадиган кимсанинг ўлик ёки тирик бўлишининг фарқи йўқ экан. Зоҳири шуки, ишни қилаётганда бошқа бағишлашни ёки ўзи учун қилишни ният қилишининг фарқи йўқ, уламоларнинг фикрлари умумий бўлгани боис ишни қилиб бўлганидан кейин унинг савобини бошқага бағишлаш мумкин.

Рашидов Аброрхўжа