Яратилиш санаси 25.09.2026

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари

Инсоният тарихида мукаммал хулқ, юксак одоб ва мулоқот маданиятининг энг гўзал намунаси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотнинг ҳаёт тарзи, саҳобалар ва атрофдагилар билан муносабати ҳар бир соҳада комиллик ўрнаги бўлган. Забардаст муҳаддис Имом Термизий ўзининг машҳур «Шамоили Муҳаммадиййа» асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсоний сифатлари, кундалик ҳаётдаги самимий муомалалари, жумладан, ҳазил-мутойибаларига алоҳида боб ажратган.

Ушбу манбаларда келтирилган ҳадиси шарифлар Набий алайҳиссаломнинг ҳазиллари алоҳида меъёр, самимият ва чуқур ҳикматга асосланганини кўрсатади.

Исломда ҳазил қилиш ман этилмаган, аксинча, кишилар кўнглини кўтариш, самимият улашиш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида қабул қилинади. Саҳобаи киромлар Жаноби Пайғамбаримизнинг ҳам баъзида ҳазил қилишларини кўриб, таажжуб билан сўрашган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саҳобалар: «Йўлдошимиз, Ё Расулуллоҳ! Сиз бизлар билан ҳазил қиласиз-а?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, мен ҳазил қиламан, лекин ҳақдан (ҳақиқатдан) бошқа сўзни айтмайман», деб марҳамат қилдилар. (180-ҳадис)

Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазилларининг асосий қоидасини белгилаб беради: ёлғон, муболаға ёки кишини масхара қилишдан холилик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари аксар ҳолларда тилнинг нозик қирралари, мажоз ва мантиқий ҳақиқатларга таянар эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ул зотга эркалатиб ва сўз ўйини қилиб: «Эй, икки қулоқлик!» деб мурожаат қилганлар (178-ҳадис). Инсонда иккита қулоқ борлиги аниқ ҳақиқат, аммо бундай ноодатий мурожаат самимий табассум ва яқинлик улашади.

Бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, миниш учун улов сўраганда, У зот: «Мен сени урғочи туянинг боласига миндирмоқчиман», дедилар. Ҳалиги одам ҳайрон бўлиб: «Мен урғочи туянинг боласини нима қиламан (у заиф бўлади-ку)?» деганида, Жанобимиз: «Ҳамма туяларни ҳам урғочи туя туғмай, нима туғади?» деб жавоб берганлар (181-ҳадис). Бу ерда ҳам ҳеч қандай ёлғон йўқ, аммо ҳақиқат гўзал ва ҳазил шаклида баён қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат катталар, балки кичик ёшдаги болалар билан ҳам мулоқотда камоли илтифот кўрсатар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ҳазил-мутойиба қилар эдилар. Ҳатто бир кун менинг бир кичик укамга боқиб: «Эй Абу Умайр, нима қилди Нуғайр?» дедилар. (179-ҳадис)

Манбаларда келтирилишича, уламолар ва фуқаҳолар ушбу мухтасаргина ҳадисдан юзга яқин фиқҳий ва тарбиявий масалаларни чиқарганлар. Болаларга куня бериш, уларнинг кичик қайғуларига эътибор қаратиш ва кўнглини кўтариш шулар жумласидандир.

Абу Умайрнинг «Нуғайр» номли кичик қушчаси (булбули) ўлиб қолганида, Набий алайҳиссалом унинг қайғусига шерик бўлиб, самимий савол ва ҳазил аралаш самимият билан боланинг кўнглини кўтарганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари жамиятда камситилган ёки хунук деб ҳисобланган инсонларнинг кўнглини кўтариш, уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги қадрини эслатишга хизмат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазиллари баъзан одамларни қувонтирадиган ва Охират башоратини берадиган шаклда намоён бўлган.

Имом Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: Бир қари хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени жаннатга киритсин», деди. У зот: «Эй фалоний, жаннатга кампир кирмайди», дедилар. Бу сўзни эшитган аёл йиғлаб қайтиб кета бошлади. Шунда Жанобимиз: «Унга хабар беринглар, у жаннатга кампирлик суратида кирмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда жаннат аёлларини қайтадан, қиз ҳолида ва тенгдош қилиб яратишини айтган», деб уни қувонтирдилар (183-ҳадис).

Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадиййа» асарида келтирилган ушбу ривоятлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар юксак ахлоқ, самимият ва олийжаноблик эгаси бўлганликларини исботлайди.

У зотнинг ҳазиллари:

Истиҳоза ва масхарадан холи бўлган;
Фақат ва фақат ҳақиқатга асосланган;
Инсонларнинг қалбига сурур ва самимият бағишлаган;
Тил қоидалари, ҳикмат ва тарбия манбаи сифатида хизмат қилган.

Жаноби Пайғамбаримизнинг ушбу гўзал суннатлари ҳар бир мусулмон учун кундалик мулоқотда ва ҳазил-мутойибада меъёрни сақлаш, самимий ва ростгўй бўлишда буюк ибратдир.

Муҳаммадхон Абдураҳмонов,

Таълим муассасаси ўқитувчиси