Имом Шофеъий ва у кишининг ҳаёти, илмий мероси
Ислом оламида "Имом Шофеъий" номи билан танилган улуғ мужтаҳид, фақиҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъий (раҳимаҳуллоҳ) фиқҳ илмининг ривожига мисли кўрилмаган ҳисса қўшган буюк сиймолардан биридир. У киши нафақат ўз мазҳабига асос солган, балки фиқҳ манбаларидан шаръий ҳукм чиқариш қоидаларини тартибга солиб, "Усулул-фиқҳ" илмининг пойдеворини яратган.
Насаблари ва таваллудлари
Имом Шофеъий арабларнинг энг шарафли қабиласи бўлмиш Қурайшга мансубдирлар. Тўлиқ насаблари: Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ Ҳошимий Мутталлибий бўлиб, насаб синсилaлари Абду Манофда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади.
У киши ҳижрий 150 йилда Шомнинг Ғазза шаҳрида таваллуд топганлар. Бу сана Ислом тарихида улуғ имом Абу Ҳанифанинг вафот этган йилига тўғри келади.
Ғазза Имом Шофеъийнинг оталари Идриснинг асл ватани эмас эди, у киши бу ерга фақат иш юзасидан келиб, шу ерда вафот этган. Ўғли Муҳаммад туғилгач, орадан икки йил ўтиб, оналари уни ота-боболарининг аслий ватани — Маккаи Мукаррамага олиб қайтади.
Илм йўлидаги илк қадамлар ва араб тили фасоҳати
Имом Шофеъий ёшликларидан илм олишга жуда катта иштиёқ кўрсатдилар. Арабларнинг қадимги одатига кўра, саҳрода яшовчи Ҳузайл қабиласи орасида бир неча йил яшаб, араб тилининг софлиги, фасоҳати ва балоғатини мукаммал эгалладилар, уларнинг шеърлари ва хабарларини ёд олдилар.
Маккага қайтганларидан сўнг, замонанинг баъзи фозил кишилари у кишидаги юксак заковат ва тил бойлигини кўриб: "Тил, фасоҳат ва заковат эгаси бўла туриб фиқҳ илмини ўрганмасанг бўлмайди. Агар шуни қилсанг, ўз замонангнинг улуғи бўласан", — деб маслаҳат бердилар ҳамда Мадинаи Мунавварага бориб, Имом Молик ибн Анас ҳузурида таълим олишни тавсия этдилар. Имом Шофеъий ушбу маслаҳатга амал қилиб, Имом Моликдан фиқҳ ва ҳадис илмини атрофлича ўргандилар.
Юксак илмий мақом ва уламолар эътирофи
Имом Шофеъий ўз даврида мавжуд бўлган турли илмларда тенгсиз пешқадам бўлиб етишдилар. Замондошларидан Юнус ибн Абдил Аъло у кишининг илмий салоҳиятини шундай таърифлайди:
"Шофеъий араб тили ҳақида гапирса, 'Бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам', дер эдим. Агар шеърдан сўз очса, 'Бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам', дер эдим. Агар фиқҳдан сўз очса, 'Бу ушбу илмда ҳаммадан пешқадам', дер эдим."
Буюк муҳаддис Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса Имом Шофеъийнинг илм аҳлига қилган хизматини юқори баҳолаб: "Сиёҳдон кўтарган (илм таҳсил қилган) ҳар бир кишининг зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бор", — деганлар.
Шунингдек, Имом Аҳмад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Албатта, Аллоҳ бу умматга ҳар юз йил бошида унинг динини янгилайдиган кишини юборади", деган машҳур ҳадисларига таяниб, Имом Шофеъийни ҳижрий иккинчи асрнинг мужаддиди (динни янгиловчиси) деб ҳисоблаганлар.
Фиқҳий мазҳаб ва "Усулул-фиқҳ" илмининг яратилиши
Имом Шофеъий ўз фиқҳий мазҳабларига қуйидаги манбаларни асос қилиб олдилар:
- Қуръон
- Суннат
- Ижмоъ
- Қиёс
У киши Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик каби буюк имомлардан кейин яшаганликлари туфайли, уларнинг мазҳаблари ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш имконига эга бўлдилар.
Имом Шофеъийнинг Ислом илмлари ривожидаги энг буюк хизматларидан бири шундаки, у киши фиқҳий масалаларни ечибгина қолмай, уларни қайси мантиқий ва шаръий қоидалар асосида ечганларини ҳам баён қилиб бордилар. Бунинг натижасида у кишигача яхлит фан сифатида мавжуд бўлмаган янги соҳа — "Усулул-фиқҳ" (Фиқҳ манбалари ва қоидалари) илмига асос солинди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг юксак заковатлари, тил софлиги, манбаларни чуқур таҳлил қилиш ва мантиқий тизимлаштириш қобилиятлари билан Ислом фиқҳида ўчирмас из қолдирдилар. У киши асос солган Шофеъий мазҳаби асрлар давомида ва бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар учун шаръий амалларда асосий қўлланмалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Абдуқаюмов Ҳaсанбой
таълим муассасаси 3-курс талабаси