Ким бир яхшилик келтирса...
مَن جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا وَمَن جَاءَ بِالسَّيِّئَةِ فَلَا يُجْزَى إِلَّا مِثْلَهَا وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ
“Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас”, Анъом сураси, 160 - оят"
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, у зот эса Парвардигорлари азза ва жалладан ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Парвардигорингиз азза ва жалла раҳмлидир. Ким бир яхшиликни (қилишни) ният қилса-ю, уни амалга оширмаса, унга битта яхшилик (савоб) ёзилади. Агар уни амалга оширса, унга ўнтадан етти юзтагача, ҳатто ундан ҳам кўп баробар қилиб (савоб) ёзилади. Ким бир ёмонликни (қилишни) ният қилса-ю, уни амалга оширмаса, унга битта яхшилик (савоб) ёзилади. Агар уни амалга оширса, унга битта (гуноҳ) ёзилади ёки Аллоҳ азза ва жалла уни ўчириб юборади. Аллоҳнинг ҳузурида фақат ҳалокатга лойиқ кимсагина ҳалок бўлади». Бу ҳадисни Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.
Яхшилик нияти: Яхши ишни дилга тугишнинг ўзига ҳам тўлиқ битта савоб берилади, бажарилса эса савоби камида ўн баробар кўпайтирилади.
Ёмонликдан қайтиш: Гуноҳ ишни қилишга қасд қилиб, сўнг Аллоҳдан қўрқиб ундан воз кечган кишига гуноҳ эмас, аксинча савоб ёзилади.
Аллоҳнинг марҳамати: Бу ҳадис Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан нақадар меҳрибон ва кечиримли эканини кўрсатади.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўшанинг ўн баробарича (савоб) бордир ва яна зиёда ҳам қиламан. Ким бир ёмонлик қилса, унинг жазоси ўз мисличадир (биттадир) ёки уни кечириб юбораман. Ким Менга ер юзини тўлдирадиган даражада хато (гуноҳ) қилиб, сўнг Менга бирор нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқса, Мен унга ўшанинг баробарича мағфират (кечирим) бераман. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ (тирсакдан бармоқ учигача) яқинлашаман. Ким Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Ким Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман”». (Ушбу қудсий ҳадис Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» тўпламида ривоят қилинга
Инсон қанчалик кўп гуноҳ қилмасин, Аллоҳга ширк келтирмасдан вафот этса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини мағфират қилишга қодирдир.
Аллоҳга интилиш: Банда тоат-ибодат ва тавба билан Аллоҳга озгина қадам ташласа, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва ёрдами унга мислсиз даражада тез ва кўп етиб келади.
Ёмонликни қилмасдан тарк этган киши уч хил бўлади:
Баъзан уни Аллоҳ азза ва жалла учун тарк этади. Бундай кишига Аллоҳ таоло учун ўша ёмонликдан тийилгани сабабли битта яхшилик (савоб) ёзилади. Бу (нафсни тийиш) ҳам амал ва ниятдир. Шунинг учун ҳам унга битта яхшилик ёзилиши айтилган. Чунончи, «Саҳиҳ»даги баъзи ривоятларда: «Чунки у бу ишни Менинг сабабимдан тарк этди», яъни «Мен учун ташлади», деб келган.
Баъзан эса уни унутиш ва хаёлдан кўтарилиш (ғофиллик) сабабли тарк этади. Бундай кишининг фойдасига ҳам, зарарига ҳам ҳеч нарса ёзилмайди. Чунки у на яхшиликни ният қилди ва на ёмонликни амалга оширди.
Баъзан эса ёмонликнинг сабабларига ҳаракат қилиб, унга яқинлаштирувчи ишларга киришганидан кейин, ожизлик (имкон тополмаслик) ва дангасалик туфайли уни тарк этади. Бундай киши ўша гуноҳни қилган одамнинг даражасига тушади (яъни гуноҳкор бўлади). Бу ҳақда «Саҳиҳайн»да (Бухорий ва Муслимда) қуйидаги ҳадис келган: «Икки мусулмон қиличлари билан тўқнашса, ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу қотил-ку (тушунарли), ўлдирилганга нима бўлган (нега у дўзахга тушади)?» - деб сўрашди. У зот: «Чунки у ҳам шеригини ўлдиришга қаттиқ интилган (ҳарис бўлган) эди», - деб жавоб бердилар.
Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у эса бобосидан Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жума намозига уч тоифа одам ҳозир бўлади:
- Бир киши жумага беҳуда гап-сўз (ва лағв) билан ҳозир бўлади - унинг жумадан оладиган насибаси шу (беҳудалик) бўлади.
- Бир киши жумага дуо билан ҳозир бўлади - у Аллоҳга дуо қилган кишидир; Аллоҳ хоҳласа (сўраганини) беради, хоҳласа бермайди (ман этади.
- Бир киши эса жумага жимлик ва сукут (хутбани диққат билан тинглаш) билан ҳозир бўлади, бирор мусулмоннинг елкасидан хатлаб ўтмайди ва ҳеч кимга озор бермайди - бу жума унга кейинги жумагача ва яна қўшимча уч кунлик (жами ўн кунлик гуноҳлари) учун каффорат бўлади. Бунинг сабаби Аллоҳ таолонинг: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўшанинг ўн баробарича (савоб) бордир” (Анъом сураси, 160-оят), деган сўзидир». Ушбу ҳадис Абу Довуднинг «Сунан» тўпламида ривоят қилинга.
Ишанов Исмоил
таълим муассасаси ўқитувчиси