“Қуръонда зикр қилинганидек, Аллоҳ таолонинг қўли, юзи ва нафси борлиги”.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ “Ал-фиқҳул акбар” асарида:
Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилганидек, Унинг қўли, юзи ва жони бордир. Ҳа, Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жондан нимани зикр қилган бўлса, у Унинг учун кайфиятсиз сифатдир. (Бироқ) Унинг қўли(дан мурод) қудрати ёки неъмати дейилмайди. Чунки бунда сифатни ботил қилишлик бўлади. Ва У (Аллоҳнинг қўли - Унинг қудрати ёки неъмати деган сўз) Қадарийларнинг ва Мўътазилийларнинг сўзидир. Лекин Унинг қўли кайфиятсиз сифатидир. Шунингдек, ғазаби ва ризоси Унинг кайфиятсиз сифатларидан икки сифатдир.
Мазкур нарсаларни Аллоҳ таоло қандоқ баён қилган бўлса, улар худди ўшандоқдир. Биз уларнинг кўринишини, шаклини тасаввур қилишга уринмаймиз. Аллоҳ таоло нимани зикр қилган бўлса, ўшанга иймон келтириб, уларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қиламиз. Зеро, уларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
Аллоҳ таолонинг қўли қудрати ёки неъмати дейилмайди. Чунки Қуръонда қудрати ёки неъмати дейилмаган, балки қўли дейилган.
Шунинг учун ҳам уни қудрати ёки неъмати дейилса, сифатниботил қилишлик бўлади. Салаф уламоларимиз бир овоздан ушбу фикрга қўшилганлар.
Бироқ Халаф уламоларимиз (олдинги уч асрдан кейингилар) оят ва ҳадисларда келган сифатларни ҳар хил бузғунчи тоифалар нотўғри талқин қилишга ўтганлари сабабли таъвил қилишга мажбур бўлиб қолганлар.
Салаф уламоларимизнинг тутган йўллари ўша вақт учун тўғри ва салоҳиятли бўлганидек Халаф уламоларимизнинг қилган таъвиллари ҳам ўз даврлари тақозосига кўра тўғри ва салоҳиятли ҳисобланади. Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ даврларида Аллоҳ таолонинг исму сифатлари тўғрисида бузуқ эътиқодга ўтган ушбу тоифалар пайдо бўлиб, ихтилофлар кўпайган эди. Шу сабабли Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ушбу адашган тоифаларнинг номларини келтириб, уларга раддия қилганлар.
Муҳаммад Абдураҳманов