Исломда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик масаласи
Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган.
Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқдалар.
Маълумки, Исломда миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар.
Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Мана шу нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликда ҳам барчага намуна бўлганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Расулуллоҳга заҳар солинган қўй гўшти берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин Расуллуллоҳ алайҳиссалом қасос олишга қодир бўла туриб уни кечириб юбордилар. Чунки У зот алайҳиссалом ўзлари учун ўч олмасдилар.
Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат саҳобаи киромларга жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуоибад қилсангиз-чи?” дейишгача бордилар. Шунда У зот: “Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Бағрикенгликни қаранкки, шунча озор берган одамлар ҳаққига дуои хайр қиляптилар. Ваҳоланки, дуолари ижобат эди. Нимани сўрасалар Аллоҳ берадиган Зот эдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “У инсон эмасми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, биз инсонлик ҳурмати сабабли барча билан яхши муносабатда бўлишимиз керак бўлади.
Демак, биз суюкли Пайғамбаримизга ҳар қадамда эргашишга ҳаракат қилар эканмиз, бағрикенгликда ҳам У зоти шарифдан ўрнак ва андоза олишимиз даркор. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар нафақат бир-бирларига балки, ўзга дин вакиларига ҳам яхши муомала ва муносабатда бўлиб, Ислом динини гўзаллигини намоён қилишлари керак.
Бағрикенглик ва ўзгалар билан яхши муомала ва муносабатда бўлишнинг ҳикмати шуки, халқни бирлиги, ўзаро тинч-тотув, иттифоқ бўлиб яшаш, зиддият ва ихтилофдан қочишдир. Мана шунда, жуда кўп ютуқ ва турли соҳаларда катта марраларга эришилади.
Ислом бу – бағрикенглик дини. Нафақат мусулмонлар ўзаро, балки ўзга дин вакиллари билан ҳам чиройли муносабатда бўлишга чақиради. Мана шуни биз ўзгаларга кўрсатиб, динимиз нақадар гўзал эканини яна бир бор намоён қилайлик! Афсуски, шуни кўрсата олмаяпмиз. Баъзида бошқа дин вакиллари биз мусулмонларни ҳатти-ҳаракатларимизни кўриб, ҳайрон бўлиб, булар қанақа одамлар экан деб қолишига сабабчи бўляпмиз.
Юнусов Шарифхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими