Салафи солиҳларнинг таъвиллари-3
Тафвиздан кўра таъвилни танлашга мажбур қилган сабаб шуки, муташобиҳ исм ва сифатларни тушунишда авом қатлам орасида ташбеҳ ва тажсим каби бузуқ ақида шаклланиб қолиш хавфи бўлган. (Мулла Али Қори, “Шарҳу фикҳул акбар”, 34-бет).
Бир нуқтага диққат қаратишни бугунги кун учун ўта долзарб деб ўйлаймиз. Аҳли суннат аталмиш катта жамоанинг икки етакчи мутакаллими Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳумаллоҳ ҳамда уларга эргашувчиларни жаҳмий таътилчи, таҳрифчи деб қоралаб юрган баъзи бир қибладошларимиз ҳам йўқ эмас.
Улар эътиқодда ўзларини Имом Мотуридийга ҳам, Имом Ашъарийга ҳам мансуб ҳисоблашни ор санашади. Улар “салафийлар”дир ва бугун виртуал оламда жуда фаоллашиб кетишди.
“Салафийлар” яхши билиб олсинларки, муташобиҳ нассларда тафвиз йўлийи ихтиёр этган салафи солиҳлар ва Имом Мотуридий ҳазратлари бирорта ҳам муташобиҳ исм ва сифатни буткул номаълум деган эмас!
Уларнинг наздида муташобиҳ исм ҳамда сифатлар маълум ва Аллоҳнинг зотида қоимдир. Уларнинг кайфиятини, васфи қандай эканлигини тасвирлаш мавзусига чуқур кирилмайди ва кайфияти Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади.
Аллоҳ Ўзи таълим берганидек:
“...Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса унга имон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар...” (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Олимхон Исақов