Саҳобалар розияллоҳу анҳумлар - такрорланмас авлод...
Келинг, Ислом тарихида бўлиб ўтган ажиб бир ҳолатни бирга ўрганиб ундан ўзимиз учун айрим хулосаларни оламиз!
Форсларнинг юз мингдан ортиқ ададга эга бўлган Рустам(ўша вақтдаги форсларнинг энг моҳир қўмондони) бошчилигидаги аскарлари Қодисия деб аталган жойга тушдилар. Орада кўприк бор эди.
Рустам мусулмонлар томонига ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини топа олмай, анча вақт овора бўлдилар. Чунки, Саъд ибн Абу Ваққос(Ўша вақтдаги халифа Ҳазрати Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳу мусулмон қўшинига тайинлаган амири) розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда топдилар.
Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонларнинг вакили билан гаплашмоқчи эканлигини маълум қилдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос шундай орқаларига қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ ибн Омир(яъни, элчи бўлиб бориш навбати Робиʼ ибн Омир розияллоҳу анҳуга келган эди) исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.
Робиъ розияллоҳу анҳу найзасига таяниб, бир чапдаст ҳаракат билан от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик!» деди. (Амир/ишбошининг биргина буйруғи кифоя. Уни амалга ошириш лозим.)
Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир юпун кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:
«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.(Чунки, уларнинг ўлчови моддийликка/бойлик мол дунёнинг кўплигига, асосланган эди)
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар(Яъни, кимни юборишни сизлар эмас биз ҳал қиламиз).
Давоми бор...
Абдраҳимов Баҳромжон
Билим юрти матбуот котиби