Дунё ва охират азизлиги
يَوْمَ يُكْشَفُ عَنْ سَاقٍ وَيُدْعَوْنَ إِلَى السُّجُودِ فَلَا يَسْتَطِيعُونَ
Болдирлар шимарилган кунида ва улар саждага чақирилганда, қодир бўлмаслар. (Қалам сураси, 42-оят)
Бу, қиёмат кунидир. Оғир ҳолатда қолиб қочишга уринган одам ҳалақит бермасин, деб иштонини шимариб, болдирини очиб олади.
Қиёмат куни эса энг шиддатли кундир. Ўша кунда бу дунёда ғоддайиб, ғурур билан, молу дунёси ва мансабига ишониб, охиратни унутиб ўтганлар сажда қилишга чақириладилар. Аммо, азобдан қўрқиб улар ҳар қанча уринсалар ҳам сажда қила олмайдилар, хижолат устига яна хижолат бўладилар. Уларнинг бу ҳолати келаси оятда янада батафсил васф қилинган:
خَاشِعَةً أَبْصَارُهُمْ تَرْهَقُهُمْ ذِلَّةٌ ۖ وَقَدْ كَانُوا يُدْعَوْنَ إِلَى السُّجُودِ وَهُمْ سَالِمُونَ
Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўла, хорлик ўраб олган. Ва дарҳақиқат, улар саломатлик ҳолларида сажда қилишга чақирилган эдилар. (Қалам сураси, 43-оят)
Эй, Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) уларга ваъз насиҳат ва ибрат олишлари учун Қиёмат куни(ҳолат энг шиддатли, қўрқинчи улкан ва иш энг қаттиқ бўладиган кун)ни эслатинг. Бугун Роббиларининг буйруғи(намоз ўқиш/рукуʼ ва сажда қилиш каби)га парво қилмай юрганлар ана шу кунда оламлар Роббиси Аллоҳ таолога сажда қилишга чақириладилар/чорланадилар. Бу уларга дакки бериш/койиш тарзида бўлиб, улар дунё ҳаётидан бунга бўйсунмаган эдилар. Улар саждага қодир бўлолмайдилар. Зеро, бу кун амал куни эмас, ҳисоб-китоб кунидир. Улар фурсатни бой бериб бўлганлар. Ана шундай қийин бир ҳолатда саждага қодир бўлмай барча халоиқ олдида шарманда бўлган/хижолатга қолган бу кимсаларни фаришталар жаҳаннам сари хайдаб борарканлар, уларнинг кўзлари қўрқинч ва дахшатга тўлган, хорлик ўраб олган бўлади. Улар дунёда соғ-саломат, саждага қодир бўлган пайтларида сажда қилишга чақирилган эдилар. Улар Аллоҳ таолонинг буйруқларига бепарво тарзда фурсатни қўлдан чиқардилар...
Бугун амал бор ҳисоб йўқ. Бугун/ҳозироқ фурсатни ғанимат билиб Аллоҳ таолонинг буйруғига лаббай дейлик.
Қазо бўлмасидан намозга шошилинг,
Ўлим келмасидан тавбага шошилинг!
Инсон Аллоҳ таолога сажда қилиш билан дунё ва охират азизлигига эришади. Ўзининг қадрини юксалтиради.
Қай дилда Сен йўқсан, у дил ўликдир,
Энг буюк озодлик - Сенга қулликдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сажда қилиб яқин бўладиган бандаларидан қилсин!
Абдурҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси