Сохта Салафийларнинг нотўғри даъволари
Уларнинг яна бир даъвоси «Мазҳабга эмас, салафларга эргшашиш керак».
Мана шу сўзни айтаётган салафийга: «Бу фикрга қаердан келдинг», деб савол берсангиз, у: «Албоний, Усаймин ва Ибн Бозларнинг маърузасидан ёки китобидан ўқиб шу фикрни айтганларини эшитдим», дейди. Фаразан тўрт мазҳаб имомига эргашмай, салафларнинг йўлидан юрадиган бўлсак, ўша салафларнинг сўзини, йўлини қандай топамиз, десак, салафийлар: «Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди», дейди. Биз шунда у салафийга: «Демак, сен ҳам салафларнинг эмас, ўша Албонийларнинг йўлига эргашаятган экансанда», деймиз. Аслида, имом Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки, имом Аъзам тобеин яъни салаф бўлганлар. Шунингдек, қолган уч мазҳаб имоми Албоний, Усайминдан кўра салафлар даврига яқин яшаган ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билган.
Салафийлик даъвоси билан фаолият олиб бораётган тоиф мазҳабсизликка чақириш билан, аслида ўзлари бир мазҳабни пайдо қилган ва умматнинг тафриқа ва бўлинишига сабаб бўлган.
Улар айтган даъвонинг яъни мазҳаб имомларининг бирортасига эргашмасдан ибодат қилиш керак, деган сўзнинг имкони йўқ. Чунки қайси бир фиқҳий масалани ечишга урунмасин, албатта тўрт имомдан бирининг сўзини олишга мажбур. Шундай экан, бу асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади.
Хошимов Нуриддин