Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталар
Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:
وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِيمُ رَبِّ ٱجۡعَلۡ هَٰذَا ٱلۡبَلَدَ ءَامِنٗا وَٱجۡنُبۡنِي وَبَنِيَّ أَن نَّعۡبُدَ ٱلۡأَصۡنَامَ
«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “ЭйРаббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”»
Яна Оли Имрон сурасининг 38-оятида бундай дейилади:
هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُۥۖ قَالَ رَبِّ هَبۡ لِي مِن لَّدُنكَ ذُرِّيَّةٗ طَيِّبَةًۖ إِنَّكَ سَمِيعُ ٱلدُّعَآءِ
«Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”».
Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб этишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Авлодларингизни,
Биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.
Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.
Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланг¬лар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.
Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.
Муҳтарам Президентимиз: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, деганлар.
Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбияси, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва бошқалар.
Шавкатжон Мадаминов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
ўқув услубий бўлим бошлиғи