Сохта Салафийларнинг ақийдавий далиллари-5
Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби, ақийда илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор. Унда мутавотир хабар билан собит бўлган нарсани илми яқийн билан собит бўлди, дейилади.
Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани «зонн» билан собит бўлди, дейилади. Бу ердаги «зонн» биздаги гумон маъносини англатмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.
Энг муҳими, «зонн» билан «зонн»нинг фарқи бор. Оҳод хабар ақийдада ҳужжат бўлмайди, деган илмсизларнинг «зонни» билан имом Бухорий, имом Муслим каби Ислом умматининг жумҳури тан олган имомлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда нақл қилинган «зонн»нинг фарқи бўлади, албатта.
Бу ҳақда ҳадис илмларининг улкан билимдони, улумул ҳадисдан мусулмон уммати ижмоъ ила эътироф қилган китоблар ёзган машҳур олим Ибн Салоҳ ўзларининг «Муқаддима» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Албатта, дастлаб ихтиёр қилган мазҳабимиз тўғри экани менга аён бўлди. Чунки хатодан маъсум бўлган кимсанинг «зонни» хато бўлмайди. Уммат эса ўз ижмоъсида хатодан маъсумдир».
Олимхон Исақов