ДУОДА ЮЗГА ҚЎЛНИ СУРТИШ
Бугунги кунда ҳатто баъзи бир ўзига илмни нисбат берадиганлар ҳам қўлини дуодан сўнг юзига суркайдиганларни масхаралаб устидан кулиб юрибди. Аслида бу иш суннат. Чунки бу иш мутахассислар наздида турли туруқ (йўллар) йиғиндиси ила собит бўлган ишдир. Салафи солиҳларимиз бунга амал қилиб келишган. Ҳеч бўлмаганда амал қилмаса ҳам бунга нисбатан одоб билан туриш керак.
Далиллар:
1. Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: " Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар қўлларини юзларига суртмасдан туширмас эдилар".
Имом Тирмизий ривоят қилган. Ҳадис рақами 3386.
2. Ибн Аббос розиёллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У зот айтадилар:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Аллоҳ таолодан кафтларингизни қорни билан сўранглар, орқаси билан сўраманглар. (Дуодан) фориғ бўлсангиз уни юзингизга сурканглар".
Имом Абу Довуд ривоят қилганлар. Ҳадис рақами 1485.
Муҳаддис аллома ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ икки ҳадисни ҳам ҳасан ҳадис деган.
Аллома Бассом роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Бу ҳадис туруқининг (йўлининг) кўплиги билан қувватли ҳадис бўлади. Буни Исҳоқ, Нававий, Муновий, ибн Ҳажар, Санъоний ва Шавконийлар қувватли ҳадис дейишган".
"Тавзиҳул аҳком" 7 жуз 612 бет.
3. Абдурраззоқ айтади:
"Маъмарни қўлларини кўкраги баробар кўтариб дуо қилаётганини кўрдим. Сўнг қўлини қайтариб юзига суртди".
"Дуода қўлни кўтариш боби"да шундай дейди(3234):
"Маръмардан ривоят қилинди, у Зуҳрийдан ривоят қилди:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўксилари баробар кўтарар эдилар. Сўнг қўлларини юзларига суртар эдилар. Маъмар ҳам шундай қилди. Мен ҳам шундай қиламан".
"Мусаннафу Абдурраззоқ".
4. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ваҳбдан ривоят қиладилар. У айтади:
"Ибн Умар ва ибн Зубайрларнинг дуо қилаётганини кўрдим. Улар кафтларини юзларига айлантиришди".
"Адабул муфрад" 609 саҳифа.
Олимхон Исақов